Коронавирусни аниқловчи тест: у қандай ишлайди?
COVID-19 пандемиясини тўхтатиш учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этилаётган рецепт — вирус юқтирганларни тезда аниқлаш ва иҳоталашдан иборат. Бунинг учун эса тестлар керак: лекин улар нечоғлик аниқ ишлайди ва уларни кимлар яратмоқда?
РБК'даги мақолада коронавирусни аниқлаш учун ўтказиладиган тест нимага асосланиши ва қайси давлатлар бу тестларни ишлаб чиқараётгани ҳақида сўз боради.
ЖССТ нимани таклиф қилмоқда?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебреисус мамлакатларни март ойининг ўрталаридаёқ одамларда аломатларсиз юқиши мумкин бўлган SARS-CoV-2 вирусини аниқлаш учун имкон қадар кўпроқ тестлар ишлаб чиқарига чақирган эди.
ЖССТ қўлланмасига кўра, COVID-19’ни келтириб чиқарувчи коронавирус тескари транскрипцияли полимераз занжир реакцияси (ПЗР) йўли билан аниқланиши керак. Тавсияларда айтилишича, бу – бугунги кунда вирус инфекциясини ташхислашнинг энг аниқ ва ишончли йўлидир. У инсон биологик материалида вирус РНКсининг жуда кам миқдорини ҳам аниқлаш имконини беради ва касалликни яширин давридаёқ аниқлаб беради.
1983 йилда ихтиро қилинган усул молекуляр ташхислашда ҳозир ҳам асос бўлиб хизмат қилади. Биологик намунада ДНК фрагментларининг кичик концентрациясини нисбатан кўпайтириш йўлини топган америкалик олим бу иши учун Нобель мукофотини олган.
ДНК/РНКни ПЗР йўли билан аниқлаш ОИТВ, вирусли гепатитлар, жинсий йўл билан юқувчи касалликлар, сил, боррелиоз, энцефалит ва бошқа касалликларни ташхислаш имконини беради. Усулдан архелогия, криминалистика ва генетикада ҳам фойдаланилади.
ПЗР-тест қандай ишлайди?
Ташхис учун физиологик суюқликлардан бир занжирли РНК ажратиб олинади, унинг асосида икки занжирли ДНК шакллантирилади ва махсус фермент полимеразлар ёрдамида кўп марта нусхаланади.
ДНК нусхалари сонининг кўпайтирилиши амплификация деб аталади. Натижада, биологик намунадаги ДНК/РНКнинг аввал бошда минимал бўлган алоҳида қисмлари концентрацияси сезиларли даражада ошади. Тадқиқот мобайнида ДНКнинг тест учун зарур қисми нусхаланади. Албатта, тадқиқ этилаётган биоматериалда ДНК ёки РНКнинг вирусли қисми мавжуд бўлсагина, нусхаланиш амалга ошади.
Коронавирус билан боғлиқ ҳолатда ташхис учун суртма томоқдан ёки бурун бўшлиғидан олинади. Чунки қон ва ахлатда вирус касаллик авж олганидан сўнг пайдо бўлади.
Россия-Япония тестлари
20 март куни РФ Соғлиқни сақлаш соҳасида назорат бўйича федерал хизмати — «Росздравнадзор» коронавирусни аниқлаш бўйича рус-япон ташхис тизимини ишлатишга рухсат берди.
Рус-япон тестларининг асосий фарқи – ҳозир ишлаб чиқарилаётган ундан бошқа тестлар ПЗР эмас, ИФТ (иммунофермент ташхис) тестларидир. Бу тизимлар вирус юққанидан сўнг камида бир ҳафта ўтгач организм унга қарши ишлаб чиқарган антитаначаларни аниқлайди. Рус-япон тестлари эса 30 дақиқа ичида юқори аниқликдаги экспресс ташхис амалга ошириш имконини бериши, бошланғич босқичдаёқ вируснинг борлигини аниқлаб бера олиши айтилмоқда.
Технология мобил лабораторияларга мослаштирилгани сабабли, у исталган жойда одамларни тестдан ўтказиш имконини беради. Кўчма лаборатория бир соатда 20 кишининг намунасини қайта ишлаш имконига эга.
Хориждаги янги ишланмалар
Германиянинг Bosch компанияси ўз тестини чиқармоқда. У Vivalytic диагностик аппаратига асосланган бўлиб, ишлаб чиқарувчиларнинг сўзларига кўра, у COVID-19’га қарши илк автоматлаштирилган тест бўлади.
Bosch ишланмаси нафақат коронавирусни илғай олади, шунингдек нафас олиш йўллари орқали юқадиган бошқа 6та юқумли касалликни, масалан, A ва B гриппларини ҳам аниқлайди. Лаборатория синовлари чоғида унинг аниқлиги 95 фоизни ташкил этган.
ZME Science нашрининг ёзишича, ташхис стационарда ёки тиббий марказда ўтказилиши мумкин – намуналарни лабораторияга жўнатиб, жавобини кутишга ҳожат йўқ. Тест фойдаланишда осон ва махсус тайёргарлик талаб этмайди. Медперсонал пациентнинг бурни ёки томоғидан суртма олиб, уни реагентли картрижга суртиб, картрижни анализаторга солса бас. Ҳар бир аппарат суткасига 10 та таҳлил ўтказа олади.
Буюк Британияда ҳам COVID-19ни аниқлай олувчи тезкор тест яратишди. У ҳам бор-йўғи 30 дақиқада коронавирус бор-йўқлигини аниқлай олади. Тестни ўтказиш учун – нархи 120 долларлик ихчам ускуна, ҳар бири 5 долларлик бурун ё томоқдан суртма олиш тасмачалари керак. Бир вақтнинг ўзида 6 киши тестдан ўтиши мумкин.
АҚШда FDA Калифорниянинг Cepheid компанияси томонидан яратилган коронавирусни аниқловчи тезкор тестни шошилинч равишда маъқуллаган. Унинг ёрдамида 45 дақиқада аниқ ташхис қўйиш мумкин. Business Insider нашрига кўра, тест натижаларини қайта ишлаш учун махсус билим талаб қилинмайди. Шунчаки, Cepheid GeneXpert тизимига уланса бас. АҚШда бундай тизимлар 5 мингдан зиёд, жаҳон бўйича 23 мингдан ортиқ.
Жаҳон бўйлаб инсонларни COVID-19га чалиниш бўйича тотал тестдан ўтказиш бошлангани одамлар учун ҳам, миллий соғлиқни сақлаш ташкилотлари учун ҳам яхши хабар. Ҳанузгача жаҳонда коронавирус билан қанча одам зарарлангани ҳақида аниқ тасаввур йўқ, шу сабабли вирус юқтирганларни аниқлаш таҳдид миқёсини тезроқ баҳолаш ва тўғри қарорларни ўз вақтида қабул қилиш имконини беради.
Ўзбекистонда апрель охиригача 50 мингта тест ишлаб чиқарилиши кутиляпти
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков 3 апрель куни Ўзбекистонда коронавирусга ташхис қўйиш учун 200 мингдан ортиқ тест тизимлари захираси борлигини айтганди.
Отабековнинг сўзларига кўра, маҳаллий тест ишлаб чиқариш тизими апрель ойи охирига қадар 50 минг дона тест ишлаб чиқариши режалаштирилган.
«Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ахборотига кўра, апрель ойи якунига қадар маҳаллий шароитда 50 минг дона тест ишлаб чиқарилиши мўлжалланган. Улар Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан клиник текширувларни ўтказиши, Фармацевтика қўмитасига ҳужжат топшириши лозим», — деган Нурмат Отабеков.
Мавзуга оид
18:07 / 22.12.2024
FT: АҚШ Трамп президентлигининг биринчи кунида ЖССТдан чиқишини эълон қилиши мумкин
13:42 / 02.12.2024
Дунёда 800 миллиондан ортиқ одам диабетдан азоб чекади — тадқиқот
19:15 / 15.11.2024
ЖССТ: 2018 йилдан бери дунёда тиббиёт муассасаларига 7,4 мингдан ортиқ ҳужум уюштирилди
18:19 / 13.11.2024