Жаҳон | 12:22 / 21.04.2020
31149
4 дақиқада ўқилади

Трамп коронавирус туфайли АҚШга иммиграцияни тўхтатмоқчи

Президент Дональд Трамп коронавирус тарқалишига қарши кураш доирасида АҚШ ҳудудига иммиграцияни вақтинча тўхтатишни назарда тутувчи фармон имзолашга ваъда берди. У бу ҳақда твиттердаги саҳифасида ёзиб қолдирган.

Фото: epa/vostock-photo

«Кўринмас душманнинг ҳужуми вақтида (у аввалроқ ҳам коронавирусни шундай атаганди), шунингдек, Американинг ажойиб фуқароларининг иш жойларини ҳимоя қилиш зарурати туфайли Қўшма Штатларга иммиграцияни вақтинча тўхтатиш борасидаги қарорни имзолайман», деб ёзади Трамп.

Унинг твити душанба куни кечқурун пайдо бўлган. Трамп бундай фармонини айнан қачон имзолаши ва бундай чекловлар қанча вақт амалда бўлишига аниқлик киритмаган, у шунингдек, ўз қарорининг бошқа тафсилотларини келтирмаган.

Коронавирус пандемияси туфайли АҚШ ўз ҳудудига Мексика ва Канада фуқароларини фақат зарурат бўлганда киритмоқда. Бундай чоралар камида май ойи ўрталарига қадар жорий этилган.

Шунингдек, Европа мамлакатлари ва Хитойдан келувчилар учун ҳам чекловлар жорий қилинган, аммо мамлакатга ҳозирча вақтинча ишлаш визаларига эга бўлганлар, талабалар ва тадбиркорлар киришига чеклов ўрнатилмаган.

Бу қадам ортида нима бор?
Энтони Зуркер, BBC, Вашингтон

Дональд Трампнинг ижтимоий тармоқдаги бундай ҳаракатларини жиддий қабул қилмаслик керак. Твиттер орқали чиқарган фармонлари тарихига қарасак, бу янада ойдинлашади.

Шу билан биргаликда, президент ва унинг атрофидаги асосий маслаҳатчилари анча вақтдан буён иммиграцияни мамлакат учун зарарли деб ҳисоблаб келишаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

У бу қадамни нафақат мамлакат фуқаролари саломатлиги муҳофазаси учун, балки «ажойиб америкаликларнинг иш ўринлари сақлаб қолиниши учун» зарурлигига урғу қаратмоқда.

Ҳеч қандай шубҳа йўқки, президентнинг бу таклифи, у қандай чиройли гаплар билан ўралган бўлмасин, иммиграция тарафдорлари бўлган, Трампга ғоявий мухолифатлари ва бизнес вакилларидан иборат гуруҳнинг қаттиқ қаршилигига дуч келади. Бу эса сиёсий муҳорабаларни ёқтирадиган ва ўз душманларини қийнаш учун ҳар қандай ишга тайёр одамнинг одатий қадамидир.

Тўрт йил муқаддам президент ўз кампаниясини аксилиммиграция платформасида қурганди, у бир қатор мусулмон давлатлар фуқароларига мамлакат эшикларини ёпиб қўйганди. Ҳозир у навбатдаги сайловлар арафасида ўз ғояларини ифодаловчи навбатдаги тажовузкор усулни ўйлаб топди.

Иқтисодий инқироз
Душанба куни АҚШ ҳукумати яна камида бир ойгача Мексика билан чегарада тўпланиб турган барча муҳожирларни ортга қайтариб туришини маълум қилди.

АҚШ айни вақтда коронавирусдан энг кўп жабр кўраётган мамлакат бўлиб турибди. 20 апрель ҳолатига кўра, коронавирус 793 мингга яқин америкаликда аниқланган, уларнинг 42,5 мингдан ортиғи вафот этган.

Пандемия ва у билан боғлиқ равишда жорий этилган карантин чоралари туфайли Америка иқтисодиётида кескин пасайиш кузатилмоқда. Март ойида 22 миллиондан ортқи киши ҳукуматга ишсизлик нафақаси сўраб мурожаат қилган. Пандемияга қадар ишсизлик нафақаси оладиганлар сони 2 миллиондан камроқ бўлган.

Ўтган ҳафтада Трамп АҚШда карантин чекловлари босқичма-босқич бекор қилинишини маълум қилиб, штатлар ҳукуматига бу борада мустақил қарор қабул қилишга рухсат берганди. Режага кўра, дастлаб мактаблар, барлар ва бошқа муассасалар ёпиқ бўлади, ресторан ва кинотеатрлар ташриф буюрувчилар учун ижтимоий масофанинг қатъий ўлчовларини таъминласа очилиши мумкин.

Мавзуга оид