Шифокорлар ва табиблар ўртасида соғлом рақобат бўлиши лозим – Халқ табобати ассоциацияси раиси
Ўзбекистон халқ табобати минг йиллик анъаналарга эга. Ватанимиз ҳудудида азал-азалдан дунёга машҳур табиблар яшаб ижод қилган, кўплаб касалликларга шифо топган, аҳоли дардига малҳам бўлган. Хўш, бугунги вазият қанақа? Соҳа қандай истиқболларга эга?
Шу ва бошқа саволларга ойдинлик киритиш учун Халқ табобати ассоциацияси раиси Рўзимуҳаммад Хонназаров билан суҳбат уюштирдик.
– Рўзимуҳаммад Абдуқаҳҳорович, бизга маълумки, сиз Халқ табобати ассоциацияси раиси бўлиш билан бирга шу соҳада докторлик даражасига эга Ўзбекистондаги ягона олимсиз. Айтинг-чи, соҳанинг кечаси, бугуни ва эртасига қандай баҳо берасиз?
– Халқ табобати соҳасининг ўтмиши ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг ўтмиши қоронғи эди, яъни хурофот сифатида қаралар, халқимизнинг минг йиллар давомида шаклланган ва авлоддан авлодга ўтиб келаётган табобатга оид билим, тажриба ва кўникмалари эътибордан четда қолганди. Қисқача айтганда, табибларнинг эгаси йўқ, улар қаерга мурожаат қилишни билмас, қонунчиликда эса бўшлиқ бор эди.
Соҳанинг бугуни президентнинг 2018 йил 12 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан боғлиқ бўлди. Чунки бу қарор Ўзбекистон тарихида соҳани тартибга солишга қаратилган биринчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат эди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг 10 апрелида давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» иккинчи қарори қабул қилинди. Бу қарор халқ табобатининг ҳуқуқий мақомини янги босқичга олиб чиқди. Чунки бугун халқ табобати мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида расмий мақомга эга бўлди. Содда қилиб айтганда, табиблар қонуний фаолият юритиши мумкин бўлди.
Истиқболларига келсак, бугун дунё мамлакатлари аҳолиси, асосан ривожланган давлатлар аҳолисининг табиий, арзон, зарари кам ва хавфсиз халқ табобати усуллари ва дори воситаларига қизиқиши ортиб бормоқда. Бизнинг диёримизда буюк табиблар ўтганини ва улардан улкан маънавий мерос қолганини ҳеч ким инкор эта олмайди. Айни пайтда мамлакатимизнинг бу соҳада имкониятлари жуда катта. Масалан, республикамизда ўн мингдан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғини бўлса, ўртача олганда ҳар бир маҳаллада бир нафардан табиб фаолият юритаётган бўлса, уларнинг сони 10 мингдан ортади. Бу тиббиёт соҳасида катта куч ва имконият демакдир. Фақат биз бундан тўғри ва самарали фойдаланишимиз керак.
Тўрт мўътадил иқлимга эга мамлакатимиз ҳудудида ноёб табиий ҳолда ўсадиган доривор гиёҳлар бор, табиблар улардан самарали фойдаланиб келмоқда. Бугун хориждан келаётган меҳмонлар касалхоналардаги замонавий тиббий ускуналар ва жиҳозлар учун эмас, балки ноёб доривор гиёҳлар ва буюк Ибн Синонинг меросхўрлари бўлган табибларни қидириб келаётганига кўп гувоҳи бўляпмиз. Улар нафақат табибга, балки мамлакатимиз иқтисодиётига ҳам сезиларли фойда келтириши мумкин.
– Минг афсуски, сўнгги йилларда халқ табобати деганда кўпроқ оммани алдаб пулини олиш пайида бўлганлар тушунилади. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?
– Бунга сабаб – узоқ йиллар давомида халқ табобати соҳаси ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, ижтимоий фанлар доирасида ушбу ҳодисанинг илмий жиҳатдан тадқиқ қилинмагани ва қонунчиликдаги бўшлиқ мамлакатимизда табиб ниқоби остидаги фирибгарлар, яъни «сохта табиб»лар кўпайишига шароит яратди.
Қонунчиликда бирор бир талаблар ўрнатилмагани сабабли хоҳлаган соҳа вакиллари табибликка даъвогарлик қила бошлади. Тракторчи ҳам, фолбин, кинначи, ветеринар ҳам табиб бўлди.
Натижада ҳақиқий табиб билан сохта табибни ажратиб олишнинг имкони бўлмай қолди. Бундай ҳолатлар тарихда ҳам бўлган. Шу ўринда ўзбек халқининг буюк мутафаккири Алишер Навоийнинг қуйидаги фикрларини келтириб ўтиш ўринли, деб ҳисоблайман: «Нодон табиб – жаллоднинг шогирдидур; жаллод тиғи билан, табиб эса заҳри билан ўлдирур, у золим ва зулм қилувчидур. Жаллод нодон табибдан афзалдур. У ҳукм этилганларни ўлдирур, табиб эса айбсиз, гуноҳсизларни ўлдирур».
Яна бир жиҳат, ҳозирги кунда кўпчилик шифокорлар дори-дармон фирмаларининг дилерларига айланиб қолган. Баъзан улар касални тузатишдан кўра, ўзи ҳамкорлик қилаётган фирма дориларини кўпроқ сотилишидан манфаатдор ва беморга кимёвий дориларни керагидан ортиқ тайин қилади.
Халқ ибораси билан айтганда, кимёвий дориларга ружу қўйган бемор «бурга»ни ўлдираман деб, «кўрпа»сини ҳам ёқиб юборади. Нопок шифокор ва сунъий доридан «оғзи куйган» бемор ё ўзини ўзи даволашга ўтади ёки табиб ниқоби остидаги сохтакорнинг остонасига ётиб олади. Яъни аҳолининг тиббий маданияти ҳам бу ўринда катта роль ўйнайди.
Сўнгги йилларда соҳада хизмат кўрсатувчи шахсларга мижозлар соғлиғига зарар етказганлик учун жавобгарлик белгиланиши сохта табиблар фаолиятига чек қўйилиб, аҳолининг халқ табобатига нисбатан ишончининг янада ортишига хизмат қилади, албатта.
– Коронавирус пандемияси чоғида энг кўп баҳслар юритилган мавзулардан бири – исириқнинг бундай вазиятда фойда бериш-бермаслиги тўғрисида бўлди. Бу бўйича сизнинг позициянгиз қандай?
– Исириқ қадим замонлардан бери анъанавий халқ табобатида кенг қўлланиб келинган. Ҳозир ҳам ҳар бир хонадонда исириқдан фойдаланилади, десам муболаға бўлмайди. Унинг минг хил дардга даволиги халқ орасида маълум ва машҳур. Айниқса, юқумли касалликларга қарши профилактиканинг энг ишончли анъанавий усули ҳисобланади.
Абу Бакр ар-Розийнинг «Чечак ва қизамиқ ҳақида китоб» номли асарида исириқ тутатиш қизамиқ, безгак каби юқумли касалликларнинг олдини олиш ва даволашда ижобий таъсирга эгалиги баён қилинган.
Гарчи коронавирусга қарши исириқ тутунининг самарасини тасдиқловчи илмий исбот бўлмаса-да, у ҳар қандай юқумли касалликларни олдини олишда фойдаланиш ижобий самара беради. Чунки исириқ тутуни инсон организмига турли вирусларнинг киришига йўл қўймайди.
– Соҳада сўнгги йилларда қандай муҳим кашфиётлар қилинди ва қайси касалликларни даволашда сезиларли ижобий натижаларга эришилди?
– Бу борада ҳали катта кашфиётлар қилинди, деб айтолмайман. Лекин бугун ҳар бир табибнинг замонавий тиббиёт олдида мураккаб бўлиб кўринаётган сурункали касалликларни, диабет, юрак қон-томир, аллергик касалликларни, инсон аъзоларидаги тош ва қумларни тиғсиз тушириш, ўсмалар, тери касалликлари ва бошқа касалликларни даволаётганининг ўзи катта кашфиёт.
– Замонавий тиббиёт билан халқ табобати алоҳида йўлда кетаётгандек ва бир-бирини инкор этаётгандек тасаввур уйғонади. Аслида ҳолат қанақа?
– Аслида ҳам ҳолат қониқарли эмас. Бундан 2400 йил муқаддам Суқротнинг шогирди Афлотун шундай деган экан: «Жуда катта хато рўй беряпти: вужуд ва руҳият касалликларини алоҳида-алоҳида шифокорлар даволаяптилар. Ахир улар бир-бирларидан ажралган ҳолда эмас-ку?»
Шу кунларда шифокорлар одамни «тақсимлаб» даволамоқдалар. Натижада, касаллик жуда катта руҳий ва жисмоний куч сарфланган ҳолда жуда секин, имиллаб даволаняпти.
Замонавий тиббиёт ва халқ табобати ўртасида катта тафовут бор. Бунинг асосий сабабларидан бири – мазкур соҳа мутахассисларини тайёрлаш билан боғлиқ. Тиббиёт олий ўқув юртларида халқ табобати билан боғлиқ таълим берилмайди. Шу боис бўлғуси шифокорлар халқ табобатининг даволаш усуллари бўйича юзаки бўлса ҳам тасаввурга эга эмаслар.
Яна бир муаммо – халқ табобатида муайян бир касалликни даволашда турли хил усул ва воситалардан фойдаланилади, шунингдек, ҳар бир табиб даволашга индивидуал асосда эркин ва ижодий ёндашади. Замонавий тиббиётда эса даволаш тегишли тартибда тасдиқланган қатъий стандартлар ва протоколлар асосида амалга оширилади, бунда шифокор мустақил ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлмайди. Стандартни бузса, жавобгарлик муқаррар. Лекин, ҳамма беморларга бир хил стандартни қўллаш ҳам ижобий самара бермайди. Чунки ҳар бир инсон танаси ҳар хил мизожга эга бўлиши мумкин.
Айни пайтда замонавий шифокорлар табибларни тиббий маълумотга эга бўлмагани учун саводсизликда айблашади. Табибларнинг ҳам тиббий маълумотга эга бўлишлари шартлиги юзасидан билдирилган мулоҳазалар ҳам мавжуд воқеликни эътиборга олмасдан айтиб ўтилганини қайд этиш жоиз. Чунки табиблик қобилияти, билим ва кўникмалари одатда авлоддан авлодга, устоздан шогирдга, айрим ҳолатларда эса замонавий фан илмий жиҳатдан изоҳлаб бера олмайдиган ҳолатларда ўтади. Масалан, Ибн Синонинг тиббий маълумот тўғрисида дипломи бўлмаган...
Бугунги кунда халқ табобати замонавий тиббиётга қўшимча сифатида расмий мақомга эга бўлди. Бу катта ютуқ, лекин фикримча, халқ табобати бу замонавий тиббиётга қўшимча эмас, балки касалликларнинг олдини олиш, профилактика қилиш, ташхис қўйиш ва даволашнинг муқобил (алтернатив) тизими сифатида расмий мақомга эга бўлиши лозим. Шундагина ҳар иккала тизим ўртасида соғлом рақобат бўлиши мумкин.
– Бу пандемия инсон иммунитети, организмнинг умумий ҳолати нақадар муҳимлигини кўрсатди. Фурсатдан фойдаланиб, соҳангиздан келиб чиқиб, соғлиқни мустаҳкамлашда қандай оддий ва халқона тавсиялар берган бўлардингиз?
– Табобатда руҳ бирламчидир. «Вужуд руҳнинг амрига мойил», дейди Ибн Сино. Ҳакимларнинг фикрича, касаллик – бу энг аввало идрок қилиш, ҳиссиётли сезги йўллари орқали келиб тушадиган ахбордир.
Масалан, грипп ёки ўткир респиратор вирусли инфекцияларни олайлик. Бу касалликларга асосий сабаб: ҳаво-томчи йўллари орқали ўтадиган вируслар, деб биламиз. Аммо фақат бугина эмас. Вужудга тушган вируснинг ўзи ҳеч нарса қилолмайди. Вужудига вирус тушганини шу одамнинг ўзи ҳам ҳали билмайди. Тушган вируслар йўлида вужуднинг ҳимоя кучлари ўтиб бўлмас тўсиқ бўлиб, кўндаланг туриб қолади. Аммо ҳамма жойда вирус тарқалгани ҳақидаги ваҳимани эшитган ва вируснинг асоратлари оғирлигидан ҳаяжонга тушган одамлар бу касалликка учрашдан қўрқиб қоладилар. Ана шунда, қўрқувдан заифлашган вужуднинг ҳимоя кучлари бўшашади.
Шу ўринда савол туғилади, хўш инсон руҳиятини қандай озиқлантирса бўлади? Илоҳий табобатда «Давонинг энг яхшиси Қуръондир» дейилади.
«Ейдиган овқатингиз дори, дорингиз овқат бўлсин» деб, Шайх ур-раис бежиз айтмаганлар. Инсоннинг саломатлиги ва тирикчилиги табиий озиқ-овқат маҳсулотлари билан. Асалдан тортиб сабзи мураббоси-ю, анжир мураббосигача кони шифодир.
Доимий ҳаракатда бўлинг, негаки ҳаётнинг ҳар қандай кўринишларида ҳаракат зарурий омил ҳисобланади. Буюк ҳаким Ибн Синонинг «Доимий ҳаракатда бўлган одам табибга муҳтож бўлмайди» деган гаплари – исбот талаб қилмас ҳақиқат. Айни пайтда, ҳаракат бемақсад бўлмаслиги шарт. Саломатликнинг муҳим омили бўлган доимий ҳаракатнинг ноёб кўринишлари намоз ўқиётган одамда мужассам.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Рўзимуҳаммад Хонназаров – Яккабоғ тумани тоғли Мучин қишлоғида, табиб Абдуқаҳҳор ҳожи оиласида туғилган. Ҳуқуқшунослик бўйича олий маълумотга эга. Халқ табобати бўйича 130дан ортиқ мамлакатлар тажрибасини ўрганган. 2019 йилда Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида «Халқ табобати соҳасини давлат томонидан ҳуқуқий тартибга солиш ва бошқариш» мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, юридик фанлар доктори илмий даражасини олган.
Айни пайтда, давлат раҳбарининг 2018 йил 12 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ташкил қилинган Халқ табобати ассоциациясининг раиси сифатида фаолият олиб бормоқда.
Мавзуга оид
15:18 / 26.11.2024
Қўқонлик табиб яна трендда – унинг фаолияти ҳақида нималар маълум?
17:45 / 23.11.2024
“Камерани кўриб, беморларни тарқатиб юборишди” – мухбирлар фарғоналик табиб кўчасига киритилмади
19:01 / 23.07.2024
ССВ сохта табиблардан огоҳлантирди
14:50 / 14.02.2024