Ўзбекистон | 14:50 / 14.02.2024
68623
2 дақиқада ўқилади

“Қўқонлик табиб”нинг ҳарбий кийим кийган қўриқчилари жавобгарликка тортилди

Иқболжон Солиевнинг фаолияти юзасидан эса ички ишлар органлари томонидан тезкор суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда қўқонлик табиб номи билан танилган шахс одамларни даволаётгани, жараён пайтида ҳарбий кийимга ўхшаш махсус форма кийган ва қўлида рация тутган йигитлар уни қўриқлаб юргани акс этган видеолар тарқалди.

Ҳолат юзасидан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов Kun.uz'га маълумот берди.

Унга кўра, тасвирда қўринган “қўқонлик табиб” Иқболжон Солиевни қўриқлаб юрган махсус ҳарбий кийимдаги 4 нафар “тансоқчи” йигит жавобгарликка тортилган.

Уларга нисбатан МЖтКнинг 209-1-моддаси (вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш) билан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилган.

Қайд этилишича, И.Солиевнинг фаолияти юзасидан ички ишлар органлари томонидан тезкор суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда

2022 йилда Kun.uz Иқболжон Солиев ҳақида материал эълон қилганди. Ўшанда Халқ табобати ассоциацияси раиси Рўзимуҳаммад Хонназаров қўқонлик табиб Иқбол Солиевнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларини кўргани, одамларда тиббий билим етишмаслиги ана шундай табиблар учун қўл келаётгани ҳақида гапирганди.

“Ҳозирги кунда беморларга сидқидилдан хизмат қилиб келаётган табиблар билан бир қаторда халқни чалғитадиган, сеҳргарликка яқинроқ хатти-ҳаракатлари билан ғайриоддий йўл билан “даволовчи” табиблар ҳам учраб турибди. Биз табиб Иқбол Солиевни бир неча марта оғзаки ва ёзма огоҳлантирдик. Агар у ҳозирги кунда ҳам фаолиятини давом эттириб келаётган бўлса, ҳуқуқни муҳофаза қиладиган органларга ҳолатни фирибгарликка баҳолаб чора кўришларини сўрашга мажбур бўламиз”, – деганди Халқ табобати ассоциацияси раиси Рўзимуҳаммад Хонназаров.

Мавзуга оид