Ўзбекистон | 15:49 / 01.05.2020
95553
3 дақиқада ўқилади

Сув оқими Арнасойга йўналтирилган. Сардоба аҳолиси Жиззахдаги мактаб ва коллежларга жойлаштирилмоқда

Сирдарёнинг сув остида қолган маҳаллалари аҳолиси Жиззахдаги мактаб ва коллежларга жойлаштирилмоқда. Шунингдек, Сардоба сув омборидан сув чиқиши камайгани, сув оқими Арнасой кўли томон йўналтирилгани маълум қилинди.

Видеодан кадр

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сардоба сув омборидан сув чиқиши бўйича қўшимча маълумот берди.

Маълум қилинишича, Жиззах вилоятининг Дўстлик, Пахтакор, Зарбдор ва Мирзачўл туманларида ташкил этилган махсус штаблар томонидан мактаб, коллеж, хусусий корхоналар ва аҳоли хонадонларига фуқароларни жойлаштириш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, Мирзаобод туманидаги «Навбаҳор», «Ҳақиқат» ва «Баҳористон» МФЙлари аҳоли яшаш пунктларига қисман сув кирган. Аҳоли ушбу тумандаги касб-ҳунар коллежи, Сафарбарлик чақирув резерви бўйича ҳарбий қисм ва касалхонага эвакуация қилинди.

Эвакуация тадбирлари Жиззах вилоятига ҳам ташкиллаштирилди. Хусусан, Оқолтин туманидаги «Аҳиллик», «Шодлик», «Саховат», «Навоий», «Дўстлик», «Кўркамдиёр», «Тошкент», «Янгиҳаёт», «Обод» ва «Мустаҳкам» МФЙлар аҳолиси Жиззах вилояти Гагарин шаҳарчасига вақтинчалик кўчирилди. Унда аҳоли учун 6000 дона ниқоб, 80 дона антисептик восита, 200 жуфт бир марталик қўлқоплар ва бошқа тиббиёт воситалари тарқатилди. 

Бундан ташқари, Сардоба шаҳарчасидаги аҳолини ҳам Жиззах вилояти Гагарин аҳоли яшаш пунктига эвакуация қилиш ишлари олиб борилмоқда. 

Мирзаобод туманидаги «Беруний», «Пахтаобод», «Балиқчи», «Ҳақиқат», «Баҳористон», «Янгиовул» ва «Дўнгариқ» МФЙлар аҳолиси сув тошиш хавфи бўлгани учун Янгиер шаҳрига эвакуация қилинмоқда. 

Тошқин оқибатларини бартараф этиш учун сув оқимлари Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи Абай каналига туширилиб, Жиззах вилоятидаги Арнасой кўлига йўналтирилган.

Ҳозирда дамбадан сув чиқиши камайган.

Фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш ишлари давом эттирилмоқда.

  • Эслатиб ўтамиз, бугун, 1 май куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори дамбасининг 6-пикет деворида сув чиқиши юзага келди. Натижада Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган эди. 
  • Мазкур вазият оқибатларини бартараф этиш, эвакуация тадбирларини ташкиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида, воқеа жойига Ўзбекистон Республикаси президенти етиб борган.

Мавзуга оид