Жамият | 23:30 / 02.05.2020
38413
2 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилояти ҳокими: «Барчангизга ташаккур, азиз ватандошлар!»

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев Сардоба сув омборидан сув сизиб чиқиши натижасида рўй берган офатда жабр кўрганларга ёрдам қўлини чўзган барчага миннатдорлик билдирди.

Фото: KUN.UZ

“Жорий йилги синовли дамлар бутун дунё аҳлини бир-бирларига меҳр-оқибатли бўлишни, барча инсоний фазилатларни янада мустаҳкамлашга туртки бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Мамлакатимиз фуқаролари юртимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишларда халқимизнинг бирдамлигини, ҳамжиҳатлигини ва албатта, нечоғли саховатпешалигини намоён этаётган бўлса, куни кеча Сардоба сув омборида юз берган фалокатни бартараф этиш ва талофат кўрганларга ёрдам кўрсатишда яна бир бор исботламоқдалар.

Халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенгликнинг бундай ноёб ижтимоий хусусияти, ўйлайманки, дунёнинг бирон нуқтасида йўқ. Халқимизнинг буюклиги хам мана шунда азиз юртдошлар, бунга тарих кўп маротоба гувоҳ бўлган.

Сизнинг бугунги кўрсатаётган ҳақиқий ўзбекона бағрикенглигингиз, меҳр-мурувватингиз, беминнат ёрдамингиз кўрилган талофатларни бартараф этишда мадад бўлади. Айниқса, фалокатдан азият чеккан шахсларга етиб бориб, кўнгилларини хушнуд этиши шубҳасиз.

Холис ниятда амалга ошираётган кўмакларингиз билан ҳозирги пайтда моддий ва маънавий мададга муҳтож бўлган кишиларнинг дилларига малҳам бахшида этмоқдасиз. Бу ҳаракатларингиз ғоят таҳсинга сазовордир.        

Олий ҳимматлигингиз учун Сизга минг бора ташаккур!”, дейилади Сирдарё вилояти ҳокими томонидан йўлланган мурожаатда.  

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори дамбасининг 6-пикет деворида сув чиқиши юзага келди. Оқибатда Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган. Ушбу ҳодисадан асосан экин майдонларига жиддий зарар етган.

Ҳодиса оқибатида минглаб кишилар қўшни ҳудудларга, жумладан, Жиззах вилоятига эвакуация қилинди.

Ҳозирда Сирдарё вилоятига Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан инсонпарварлик ёрдамлари етказилмоқда

Мавзуга оид