АҚШ конгресси коронавирусга тестдан ўтишдан бош тортди
АҚШ конгресси президент маъмуриятининг конгрессменлар Вашингтонга қайтиши олдидан Капитолий тепалигида уларни коронавирусга текширувчи мобил комплексни ўрнатиш таклифини рад этди.
Бундай рад жавобини сенатда республикачилар етакчиси Митч Макконнелл ва вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси берган.
Улар Трамп маъмуриятига коронавирусга тезкор текшириш ўтказиш бўйича “олийҳиммат таклиф” учун миннатдорлик билдириб, уни рад этишган.
“Биз бу таклифни “ҳурмат” ила рад этамиз”, деб айтган сиёсатчилар.
Пелоси ва Макконнелл буни коронавирусга текширувчи мажмуаларни эпидемиологик вазият ёмон бўлган жойларда ўрнатиш фойдалироқ бўлиши билан тушунтиришган.
"Конгресс тестдан ўтишнинг жорий қоидаларини қўллайди”, деб қўшимча қилган сиёсатчилар.
Охирги маълумотларга кўра, АҚШда коронавирусга чалинганлар сони 1 млн 160 мингдан, ундан вафот этганлар 67 мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда. Мамлакатда коронавирусга 6,8 млндан кўпроқ тест ўтказилган.