Жамият | 00:02 / 14.05.2020
35301
2 дақиқада ўқилади

Зарафшонда сел келиб, одамларнинг уйини сув босди

Фото: KUN.UZ

12-13 май кунлари Ўзбекистоннинг баъзи ҳудудларида кучли ёмғир ёғди. Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида ёмғир сув тошқинларини ҳосил қилди.

Kun.uz ўқувчилари юборган видеоларда сув одамларнинг уйигача кириб борганини кўриш мумкин.

Кадрларда кўчалар ўпирилгани, кўприклар бузилгани кўринади.

Маълум бўлишича, тоғли ҳудуд ҳисобланган Нуротада ҳам сел келган. Бу ҳудудда сел келиши одатий ҳолга айланган. Нуроталик ўқитувчиларнинг айтишича, сел пайдо қилган катта сув оқими Нарпай каналига бориб қуйилади ва у одамларнинг уйига зарар етказмаган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 13 май куни эрталаб берган бирламчи маълумотда сел оқибатида 4 хонадон қисман зарар кўргани, ўз вақтида кўрилган тезкор чоралар натижасида фуқаролар ҳаёти сақлаб қолингани айтилган эди.

Вазирлик хабарига кўра, Зарафшонда сел келиши 13 майга ўтар кечаси тахминан соат 02:30дан 04:30гача бўлган вақт оралиғида кузатилган.

«Вазият юзасидан Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 9та техникаси ва 70 нафар шахсий таркиби зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, 300 нафар фуқарони хавфсиз ҳудудга эвакуация қилди», – дейилади ФВВ 13 май соат 10:18да эълон қилган хабарида.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда Зарафшон шаҳрида коронавирус билан касалланишнинг янги ўчоғи юзага келган чалингани хабар қилинган, шу боисдан шаҳарнинг тоифаси «сариқ»дан «қизил»га ўзгартирилган эди.

Мавзуга оид