Ўзбекистон | 22:23 / 20.05.2020
6358
6 дақиқада ўқилади

Коронавирус ўқув марказларига қандай таъсир кўрсатди? Жаҳонгир Пўлатов рентабелликни қандай сақлаб қолиш ҳақида

MFactor лойиҳаси доирасида Cambridge ўқув маркази асосчиси Жаҳонгир Пўлатов билан «Ўзбекистонда таълим ва ўқув марказлари келажаги» мавзусида суҳбат уюштирилди. Дастур давомида Жаҳонгир Пўлатов таълим соҳасига оид саволларга жавоб қайтарди.

Ўқув марказини очишда нималарга аҳамият бериш керак?

– Таълим соҳасининг ривожланишида хусусий таълимнинг ўрни катта. Чунки фақатгина хусусий таълимда креатив ғоялар, янгиликлар биринчи бўлиб йўлга қўйилади. Хусусий таълим таълим тизимида янги трендларни йўлга қўйишда ёрдам бериши мумкин.

Ўқув маркази очишда ҳозирда бироз кутиб туришни маслаҳат берган бўлардим. Ҳозир жой қидириб, таъмирлашга пул сарфлаб, инвестиция киритиб, пулларни сарфлаб қўймасдан нақд пулни ушлаб туриш керак. Ҳозир дарҳол бизнес очадиган пайт эмас. Ўйламанки, вазиятни кўриш керак. Мисол учун, ёзда, сентябрь ойида вазият қандай бўлишини кўриш керак. Ана ундан кейин хулоса қилиб, ўқув маркази очиш мумкин деб ўйлайман. Ёзда вақтни тайёрланишга сарфлаш мумкин: соҳани чуқурроқ ўрганиш, жамоани йиғиш, концепция, бизнес режа тайёрлаш. Кузда вазиятга қараб, фаолият бошласа бўлади.

Ўқув марказларига ишга қайтишга рухсат берилса ҳам вазият қандай бўлиши ҳақида тасаввуримиз етарлича эмас.

Яъни масалан, ўқув марказларида битта хонада 5-8 нафардан ортиқ ўқувчи ўтирмасин дейилиши мумкин. Бу тушумга таъсир қилади. Тушумни илгари ўқув марказининг барча хоналарини ўқувчилар билан тўлдириш ҳисобига ўстирган бўлсак, энди бу нарсага табиий чеклов бўлиши мумкин. Биз истасак ҳам ўқув марказининг барча хоналарини тўлдириб, 10-15 нафардан одам йиға олмаслигимиз мумкин. Шу сабабли ҳозир ўйлаб, қандай чекловлари бўлиши мумкинлигини кузатиб турадиган пайт. Шундан келиб чиқиб, бизнесга кириш керак.

Агар ўқувчилар сони 2-3 бараваргача қисқартирилса, ўқув марказини юргизиш ҳаттоки норентабел бўлиши, яъни бу катта фойда келтирмайдиган бизнесга айланиб қолиши мумкин. Ана шундай кутилмаган ҳолат бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳозирдан бино олиб, уни таъмирлашга киришишни тавсия қилмайман. Бироз кутиб, вазият барқарорлашгач, кейинги қадамларни қўйиш керак деб ўйлайман.

Жаҳонгир Пўлатов

Жаҳонгир Пўлатов ўқув марказига бино ижараси учун тўлов миқдорини камайтириш бўйича ижарачи билан келишишни бизнес рентабеллигини сақлаш бўйича ечим деб ҳисоблайди. Агар ижара тўлови миқдори пасайтирилмаса, таслим бўлиш керак эмаслигини айтиб ўтди.

– Ўқувчилар сонини кўпайтиришга ҳаракат қилиш керак. Ҳаттоки, табиий чеклов, мисол учун бир хонада 8-10 ўқувчи ўқитинглар дейилган тақдирда ҳам онлайн ўқитиб бўлса ҳам ўқувчилар сонини кўпайтиришга ҳаракат қилиш керак. Офлайнга ҳамма қайтгани билан айрим ота-оналар фарзандини ўқув марказига юборишга қўрқади. Ҳали вакцина топилмади, касал юқтириб олиш эҳтимоли мавжуд, деб ўқув марказига бормай қўя қолгин дейиши мумкин. Ўқувчиларнинг муайян қисми онлайнда қолиши мумкин. Онлайнда қоладиган қисмини ҳам ўзига мижоз қилиб олиш учун офлайнга қайтилган тақдирда ҳам онлайнни сақлаб қолиш керак.

Жаҳонгир Пўлатов Ўзбекистондаги қайси университетларга ўқишга киришни тавсия қилиши ҳақидаги саволга жавобан университетни унинг мавқейи, кириш осонлигига қараб танлаш нотўғрилиги, танланган университет келажакда қандай инсон бўлишни истасангиз, ўша соҳага сизни яқинлаштириши, ўша соҳадаги билимларни бериши кераклигини айтиб ўтди.

– Университет мақсадларга эришишда ёрдам берадиган бир восита деб қарашларини тавсия қилган бўлар эдим. Мисол учун, мен тадбиркор бўлмоқчиман. Бунинг учун мен университет қидираман, яъни қайси университетда ўқисам, тадбиркорлик бўйича ўзимга керакли билимларни оламан деган саволни ўзимга бераман. Ёки ҳуқуқшунос, молиячи, шифокор бўлмоқчиман. Бу ерда масаланинг моҳияти - университет танлашдан олдин келажакда ким бўлмоқчи эканимиз ҳақида олдимизга мақсад қўйиб олиш. Ана ундан кейин университет танласак бўлади. Қайси йўналишлар бўлса, ўша йўналишлар танланади.

Вестминстер университети, Сингапур институти [Сингапур менежментни ривожлантириш институти] зўр, TEAM университетига киринглар деб айтишим мумкин. Лекин у инсоннинг соҳаси бўйича тўғри келмаса, улар учун фойдасиз. Қайси университет зўр деган умумий саволга мен жавоб бера олмайман. Лекин улар тадбиркор бўлиш учун қайси университетда ўқиш керак дейишса, бу саволга жавоб беришим мумкин.

Тадбиркор бўлиш учун университет тавсия қиладиган бўлсам, энг зўр сценарий: тадбиркор инсон бир нарсани тушуниши керакки, у тадбиркор бўлишида университетнинг роли бор. Лекин университетнинг роли 80-90 фоиз эмас. Университетда ҳамма фанлардан яхши ўқимаса, қизил диплом олмаса, тадбиркор бўла олмайди дегани эмас. Тадбиркорлик – ҳаракат, динамика. Жуда тез ҳаракат қилишингиз, ўзингиздаги soft skills, яъни кўникмаларни ривожлантиришингиз, тўғри қарор қабул қилишингиз, стрессларга чидамли бўлишингиз, вақтни тўғри бошқаришингиз керак. Яъни, тадбиркорга университетда ўргатилмайдиган нарсалар керак бўлади. Шу сабабли тадбиркор бўлмоқчи бўлган инсонлар шундай университет танлашлари керакки, бу уларга базавий билим берсин, шу билан биргаликда ўзи учун кўпроқ бўш вақт қолдириши керак.

Тадбиркор бўлмоқчи бўлган инсон университет танлашда эътибор бериши керак бўлган мезонлар:

1.  Олинадиган билимларнинг келажакда уларга керак бўлиши;

2.  Университетга кириб, қўшимча бўш вақтга эга бўлиш.

Худди шу ўринда университет танлаётганларга менинг тавсиям: биринчи ўринда, танлаган университетингиз келажакда қандай инсон бўлишни истасангиз, ўша соҳага сизни яқинлаштириши, ўша соҳадаги билимларни керак. Университетни унинг мавқейи, кириш осонлигига қараб танлаш нотўғри деб ўйлайман. Чунки бу вақтни бекорга сарфлаш бўлади.

Тўлиқ суҳбатни MFactor`нинг Youtube`даги саҳифаси орқали томоша қилиш мумкин.

Мавзуга оид