Жамият | 20:40 / 21.05.2020
20387
3 дақиқада ўқилади

Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари фаолияти тугатилди

Ўзбекистонда Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари фаолияти тугатилди ва эндиликда хайрия маҳсулотларини эҳтиёжманд оилаларга етказиб бериш «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати орқали амалга оширилади.

Бу ҳақда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева Kun.uz’га маълум қилди.

«Бу марказлар фаолияти ўз вақтида жуда зарур бўлди. Эндиликда карантин тартиблари анча юмшади. Шундай шароитда Ҳомийлик  хайрияларни мувофиқлаштириш марказлари ва «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати функциялари бир-бирини такрорлаб қолаётганди. Шу сабабли хайрия фаолияти бир органга юкланди», – деди ахборот хизмати раҳбари.

Боймирзаева, шунингдек, ҳар қандай фаолиятда ўзига хос камчилик ва ютуқлари бўлгани каби, марказлар фаолиятида ҳам айрим камчиликлар кузатилганини тан олди.

«Аммо ҳақли равишда айта оламизки – марказлар ўзини оқлаб, унинг ташкил этилиши энг тўғри қарор бўлганини амалда исботлади», – деди у.

Ҳомийлик хайрияларни мувофиқлаштириш марказлари Республика махсус комиссиясининг қарори билан 1 апрелдан бошлаб ҳомий ташкилот ва фуқароларнинг хайрия маҳсулотларини эҳтиёжманд оилаларга етказишни ташкил этиш мақсадида ташкил этилди ва 20 майга қадар иш олиб борди.

Марказлар штабида фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш учун колл-марказнинг 1197 қисқа рақами иш олиб борди.

«2 апрелдан 20 майгача барча марказларга ҳомийлар томонидан жами 790 071 кг пиёз, 1 806 902 кг ун, 887 429 литр ёғ, 1 351 823 кг картошка, 804 909 кг гуруч, 765 801 кг макарон, 712 698 кг сабзи, 571 725 кг шакар, 103 772 дона товуқ, 120 750 кг гўшт, 442 268 та решётка тухум, 58 188 кг дуккакли маҳсулотлар, 94 448 кг қуруқ чой, шунингдек, 550 848 дона тиббий ниқоб, 137 950 дона тиббий қўлқоп, 98 672 дона антисептик, 184 000 дона гигиеник воситалар (совун, тиш пастаси кабилар) ҳамда 451 567 та бошқа маҳсулотлар хайрия қилинди.

Фаолияти давомида марказлар томонидан маҳаллаларда шакллантирилган рўйхат ҳамда колл-марказнинг 1197 қисқа рақами орқали келиб тушган мурожаатлар асосида 9139та маҳаллада истиқомат қилувчи 413 072 та эҳтиёжманд оилага 49 млрд 910 млн сўмлик ҳомийлик хайриялари етказиб берилди», – дея Kun.uz`га маълум қилди вазирлик матбуот хизмати.

Мавзуга оид