Жаҳон | 13:08 / 31.08.2024
7477
2 дақиқада ўқилади

АҚШда шаҳар ҳокимияти 12 ёшли боланинг хайрия дўконини ёпди. Аҳоли бола учун 20 минг доллар йиғиб берди

Бола хайрия дўконидан тушадиган пулларни ривожланишида нуқсони бор болаларни қўллаб-қувватлайдиган маҳаллий хоккей жамоаси учун тўплашни режа қилганди.

Фото: AP

Массачусетс штатининг Норвуд шаҳрида 12 ёшли Денни Доэрти хайрияга маблағ тўплаш учун уйда тайёрланган музқаймоқлар дўкончасини очганди, аммо кўп ўтмай шаҳар маъмурияти уни ёпди. Бу ҳақда Associated Press хабар бермоқда.

Денни ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болаларни қўллаб-қувватловчи Boston Bear Cubs маҳаллий хоккей жамоаси учун пул йиғмоқчи бўлган. Жамоада унинг аутизмга чалинган акаси ҳам ўйнайди.

Бир неча кун давомида бола 20 га яқин мижозга ванилли ва шоколадли музқаймоқлар, шунингдек, ширин сендвичлар сотишга муваффақ бўлди.

Бироқ кўп ўтмай Деннининг уйига шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасидан хат келди, унда бола Массачусетс озиқ-овқат кодексини бузганликда айбланган. Расмийларнинг таъкидлашича, уларга дўкон бўйича бир нечта шикоят келиб тушган.

Оқибатда дўкон ёпилди. Шу билан бирга оиланинг кўплаб қўшнилари уйда тайёрланган лимонад ва нон маҳсулотлари сотадиган кичик киоскларда савдо қилишда давом этмоқда.

Ҳокимият шикоятларга жавоб берганидан хафа эмасман. Шикоят қилувчилар борлигидан ҳайронман. Бу кичкина дўконча эди. Шу пайтгача 20 нафар дўст ва қўшниларимизга хизмат қилдик – маҳсулотларимиз соғлиқ учун хавф туғдирмайди”, — деди Деннининг онаси Нэнси Доэрти.

Дўкон ёпилганига қарамай, бола қолган музқаймоқни тарқатишга қарор қилди. Биринчи кундаёқ у жамоа учун минг доллар йиғишга муваффақ бўлди. Воқеа маҳаллий ОАВнинг ҳам эътиборини тортди. Натижада хайрия учун 20 минг доллардан кўпроқ пул йиғилди — бу клубнинг бир йиллик бюджетидан кўп.

Мавзуга оид