Фото: Миннеаполисдаги намойишлар
Миннеаполисда афроамерикалик Жорж Флойд полиция хатти-ҳаракатларидан вафот этгани ортидан келиб чиққан намойишлар туфайли фавқулодда ҳолат режими жорий этилди.
Флойднинг ўлимига алоқадор бўлган 4 нафар полициячи ишдан бўшатилди, улардан бири, қўлга олиш вақтида тизза билан бўғиш усулини қўллаган Дерек Шовин қўлга олинган. Аммо жамоатчилик ва марҳумнинг қариндошлари ушбу полициячиларнинг барчасига қотиллик бўйича жиноий иш очилишини талаб қилиб кўчаларга чиққан.
Миннеаполисда минглаб намойишчилар кўчага чиқди: биноларга ўт қўйилди, жумладан полиция маҳкамасига ҳам. Полиция билан тўқнашувлар давом этмоқда.
Намойишлар интернетда 46 ёшли Жорж Флойд полиция офицери томонидан қийноққа солингани тасвирланган видео тарқалгач бошланди.
Адолат талаб қилиб полиция маҳкамасига келганлар ҳужумга ўтиб тартибсизликларни бошлаб беришди.
Сент-Пол туманида митинг иштирокчилари талончилик ва вандализмга ўтиб кетишди. Айримлар магистрал йўлда автомобил ҳаракатини тўхтатиб қўйишди.
Губернатор Тим Уолз маҳаллий амалдорларга шаҳарда назоратни таъминлашда ёрдам бериш учун Миллий гвардияни жалб қилди.
Намойишчилар бу тартибсизликлар Флойднинг ўлимига муносиб жавоб эканига ишонишмоқда.
Флойднинг ўлими рўй берган ҳудуддаги кўплаб бинолар ёқиб юборилди.
Муниципалитет атрофида йиғилганлар шундай дейишмоқда: «Агар қотиллик видеога ёзиб олинган бўлса, нега қотиллар ҳозир турмада эмас?»
Ўнлаб одамлар Target супермаркетлари тармоғи дўконларини талашга ҳаракат қилишди, шундан сўнг тармоқ раҳбарияти шаҳардаги ўнлаб савдо нуқталарини ёпиб қўйди.
Миннеаполис ҳукумати хавфсизлик нуқтайи назаридан метро линиялари ва автобус маршрутларини тўхтатди.
Жоржнинг укаси Филониз Флойд ўлимга алоқадор бўлган полициячилар АҚШ қонунчилигида назарда тутилган максимал жазо - ўлимга ҳукм қилинишига умид билдирмоқда.
Полиция раҳбари шаҳар аҳолисини хотиржамликни сақлашга чақирмоқда.