Жаҳон | 08:28 / 02.06.2020
20515
2 дақиқада ўқилади

Афроамерикалик миллиардер АҚШнинг қора танли аҳолиси учун 14 триллион доллар компенсация талаб қилди

Афроамерикалик миллиардер, Black Entertainment Television компанияси асосчиси Роберт Жонсон АҚШнинг қора танли фуқаролари бошидан ўтказган қуллик учун компенсация талаб қилди. 

Миллиардернинг таъкидлашича, АҚШ ҳукумати қора танли аҳолига қуллик даврида етказилган зиён учун компенсация сифатида 14 трлн доллар тўлаши лозим. Бу ҳақда CNBC телеканали хабар берди. 

Миллиардер афроамерикалик Жорж Флойд ўлимидан кейин АҚШни қамраб олган норозиликлар ортида шундай талаб билан чиқди. 

Жонсоннинг фикрича, компенсация тўланиши Вашингтонга зарар етказмайди, чунки оқ танли америкаликларнинг қора танлиларга етказилган зарарни тан олишларини англатади. Унинг таъкидлашича, товон пули “қора бизнес”ни ривожлантиришга сарфланади ва иқтисодиёт ривожланишига туртки беради. 

“Қуллик давридан бери 200 йил ўтди ва у учун ҳеч қандай компенсация тўланмади”, деб таъкидлаб ўтган Жонсон. Унинг айтишича, бугунги кунда афроамерикаликлар маблағлари йўқлиги сабабли “даромад ва бойлик тўплашга асосий туртки берувчи куч ҳисобланадиган” таълим олиш имкониятидан маҳрумлар.

Бу орада бошқа афроамерикалик тадбиркор, Merck&Co фармацевтик компанияси бош директори Кеннет Фрейзернинг таъкидлашича, ҳукумат Жонсоннинг талабини бажариши даргумон. У афроамерикаликларга бизнесменларнинг ўзлари ёрдам беришлари мумкинлигини айтган. 

Роберт Жонсон 2001 йилда Viacom компаниясига Black Entertainment Television’ни сотгандан кейин тарихга АҚШнинг биринчи қора танли миллиардери сифатида кирган. У ўз компаниясини сотгандан кейин The RLJ Cos инвестиция компаниясига асос солган. Бироқ ҳозирда Жонсон Forbes’нинг миллиардерлар рўйхатига кирмайди.

Мавзуга оид