Жаҳон | 22:11 / 02.06.2020
38393
12 дақиқада ўқилади

Оқ-қора Америка. «Сеҳрли диёр»да афроамерикаликлар қандай камситилган?

Америка намойишлар ва тартибсизликлар гирдобида қолди. Шундоғам карантинга зўрға чидаб ўтирган одамлар Миннеаполисда оқ танли полициячи томонидан қора танли Жорж Флойдни ҳибсга олиш чоғида қилинган ноинсоний хатти-ҳаракат туфайли вафот этгани ортидан кўчага чиқди.

Фото: Reuters

Афроамерикалик Жорж Флойднинг айби у қадар жиддий ҳам бўлмаган. У дўконда 20 долларлик қалбаки банкнотни ўтказишда гумонланган. Уни қўлга олган полиция ходими Флойднинг юзини ерга қаратиб, бўйнидан тиззаси билан 7 дақиқа босиб турган. Флойд «Нафас ололмаяпман, бўғиляпман» деб полициячига илтижо қилиши фойда бермаган. Ҳушидан кетган Флойдни касалхонага олиб боришганида у аллақачон жон бериб бўлганди.

Полиция офицери Флойдни қийнаётганини ўша куни йўлда ўтиб кетаётган ўткинчи тасвирга олган, видео Дарнелла Фрейзер номли фойдланувчи томонидан фейсбукда эълон қилинган. Шундан сўнг Флойднинг зўравонлик қурбони бўлгани ҳақида бутун АҚШ хабар топди ва аввалига Миннеаполисда, сўнгра бутун мамлакат бўйлаб кенг миқёсдаги намойишлар ва тартибсизликлар бошланиб кетди. Полиция томонидан қора танли фуқарога қилинган ушбу зўравонлик учун намойишчилар полиция идоралари ва машиналарини ёқиб юбормоқда, савдо дўконлари таланяпти.

Бугун АҚШнинг бир неча шаҳарларида фавқулодда ҳолат жорий қилинган ва вазиятни миллий гвардия бўлинмалари назорат қилмоқда. Аммо намойишлар ва тартибсизликлар тўхтай демаяпти. Намойишчилар ҳатто Оқ уй қаршисига тўплана бошлади. АҚШ президенти Трамп уларни «каллакесарлар» деб атади.

Намойишчиларни Флойднинг қотили бўлган полициячи Дерек Шовин ҳамда ҳолатни бефарқ томоша қилиб турган уч нафар ҳамкасбига чора кўрилмай, улар фақат ишдан бўшатилгани ғазаблантираётган эди. Айни вақтга келиб ўша полициячи қамоққа олинган, тегишли органлар унинг ноинсоний хатти-ҳаракатлари устидан терговни бошлаб юборган бўлса-да, намойишчилар тўхташмаяпти. Энди улар полиция ваколатлари қисқаришини талаб қилмоқда.

Уларни ҳам тушунса бўлади, ахир ҳар йил АҚШда полициячиларнинг ҳаддидан ошиши оқибатида Флойд каби айби исботланмаган кўплаб инсонлар ўлиб кетяпти. Уларнинг аксарияти эса қора танлилар. Бугун «демократиянинг олий чўққисига чиққанини» даъво қилаётган АҚШда ирқчилик йўқ деган одам адашади. Бу мамлакатда қисман бўлса ҳам ирқчилик бор ва у айниқса мамлакатнинг қора танли аҳолисига нисбатан сақланиб қолган. Қизиғи, АҚШдаги намойишларда афроамерикаликлар қатори оқ танлилар ҳам қатнашмоқда.

Африкаликларнинг Ғарбий ярим шарга келтирилиши ва қулдорлик

Ўрта Ер денгизи тўлиқ турклар қўл остига ўтиб унда Европа давлатларига тегишли кемалар юра олмай қолганидан сўнг кўҳна қитъага Ҳиндистон, Хитой ва Ҳиндихитойдан келтириладиган турли маҳсулотлар нархи олтин нархидан ҳам ошиб кетади. Бундай вазиятда европалик денгизчилар Ҳиндистонга бориш учун бошқа йўлларни қидира бошлайди.

Машҳур денгизчи Христофор Колумб агар Атлантика океани бўйлаб Ғарбга сузаверилса Ҳиндистонга етиб бориш мумкин деган ғояни илгари суради ва Испания қироллиги ёрдами билан Ғарбга экспедиция ташкиллаштиради. Шу тариқа, европаликлар Америка қитъасини кашф этишади. Колумб 1492 йилда Янги дунёдаги илк оролга етган бўлса, орадан бир неча йил ўтиб янги қитъа европаликлар томонидан забт этила бошланади.

Янги ҳудудларни заб этишда маҳаллий аҳоли қириб юборилар экан, унумдор ерларни ўзлаштириш учун кўплаб ишчи кучи керак эди. Бу муаммони ҳал қилиш учун европаликлар Африка қитъасидаги аҳолини мажбуран қул қилиб Америка қитъасига олиб кета бошлайди. Қуллар кемалар остидаги махсус хоналарга қамаб олиб кетилар ва манзилга етиб боргунча уларнинг ярмидан кўпи ҳалок бўларди. Қул савдоси билан шуғулланадиган босқинчилар ҳалок бўлган қулларни денгизга улоқтириб кетаверишган. Тарихчиларнинг тахминларига кўра, 300 йил давомида янги қитъага Африкадан тирик етказиб борилган қуллар сони 10 миллиондан ошган. Бугун Ғарбий ярим шарда яшаётган афроамерикаликларнинг аксарияти ўша қулларнинг авлодлари ҳисобланади.

АҚШда қуллик бекор қилиниши

Авраам Линкольн Фото: Fullpicture

XIX асрга келиб Ғарбий ярим шарда қулликка қарши бўлган соғлом фикрли одамлар кўпайди. Айниқса, минтақанинг энг қудратли давлатларидан бири бўлган АҚШда қулдорликка қарши ҳаракатлар жиддий тус олди ва уни бекор қилиш учун мамлакат бўйлаб ҳаракатлар бошланди. 1808 йилда АҚШ Конгресси мамлакатга Африкадан қул олиб келиб сотишни тақиқлайдиган қонун қабул қилади.

Аммо бу қонун мамлакатдаги қул савдосини тўхтата олмайди. Қулфурушлар АҚШга контрабанда йўли билан Африкадан тирик одамларни олиб келиб сотаверишади. Шундан сўнг қулдорлик ва қуллик бекор қилинмаса, натижага эришиб бўлмаслигини тушунган ҳукумат АҚШда қуллик ва қулдорликни бекор қилиш ҳақида қонун лойиҳасини тайёрлайди.

Албатта, мамлакат фуқароларининг барчаси ҳам қуллик бекор қилинишини хоҳламасди. Айниқса АҚШ жанубидаги заминдор бойлар. Ахир улар текин ишчисидан айрилиб қолишаётганди. Шу сабабли, қуллик бекор бўлиши ҳақидаги қонун лойиҳаси эълон қилинганида жанубий штатлар бунга қарши исён кўтаради ва 1861 йилда АҚШда фуқаролар уруши бошланади. 1865 йилда қулдорликка қарши бўлган шимол қулдорлик тарафдори бўлган жанубни енгиб чиқади. Шу тариқа мамлакат яхлитлиги сақлаб қолиниши билан бирга, АҚШда қулдорликка қарши қонун қабул қилинади.

1861 йилда АҚШ президентлигига сайланган Авраам Линкольннинг мамлакатда қулдорлик ва қулликни тугатишдаги хизматлари беқиёс. Айнан у 1862 йилда АҚШда қулликни тугатиш ҳақидаги қонунга имзо чекади. 1863 йилда эса ўша қонунга мувофиқ АҚШдаги қулларни озод қилиш ҳақида прокламация эълон қилинади. 1865 йили фуқаролар уриши тугаб, жануб штатлари мағлубиятга учраганига қадар Линкольн имзо чеккан қарорни амалга ошириш имкони бўлмайди.

1865 йилда АҚШ конституциясига 13та ўзгартириш киритиш бўйича декларация қабул қилинади. Ана ўша ўзгаришларда қулликни бекор қилиш АҚШ конституциясида белгилаб қўйилади. 1865 йилда уни дастлаб тўртта штат ратификация қилади. Ушбу қонунни энг охирги бўлиб 2013 йилда Миссисипи штати ратификация қилган.

АҚШда ирқчилик авжга чиқиши ва тугатилиши

АҚШда қулдорлик қонунан тугатилгани билан, мамлакатда ирқчиликни камайтиришнинг иложи бўлмайди. АҚШнинг оқ танли аҳолиси кечагина ўзи озод қилган қора танли собиқ қулларга нисбатан муносабатини ўзгартирмайди ва мамлакатда ирқчилик юқори даражада сақланиб қолаверади.

Қулдорлик қонун йўли билан бекор қилингани ҳақида фикр билдирган америкалик машҳур ёзувчи Марк Твен «Қулдорликнинг бекор қилиниши мамлакатда ирқчиликка барҳам бера олмади, аксинча уни кучайтирди», деб ёзганди. Марк Твен ўз асарида қора танли қаҳрамонни ижобий образ сифатида тасвирлаган биринчи адиб эди.

Аслини олганда давлат сиёсатининг ўзи ҳам ирқчилик устига қурилган эди. Мамлакатда қора танлиларнинг ҳуқуқларини чеклайдиган кўплаб маҳаллий ва федерал қонунлар бор эди. Ўша қонунлар туфайли АҚШда ҳатто XX асрда ҳам қора танлилар оқ танлилар фойдаланаётган жуда кўп ҳуқуқлардан мосуво эди.

Бугун ўзини дунё демократияси тимсоли деб биладиган АҚШда яқин ўтмишда терисининг ранги бошқачалиги учун қора танлилар аёвсиз камситилган, зўравонлик қурбони бўлишган. Автобусларда улар фақат орқа эшикдан чиқиб-тушар, ўриндиқда ўтирган ҳолатида оқ танлилар талаб қилса, ўрнини бўшатишга мажбур бўлар эди. Шунингдек, улар оқ танлилар учун мўлжалланган кафе ва ресоранларга кира олмас, ҳатто қора танлиларнинг ҳожатхонаси ҳам алоҳида бўлган.

Мабодо қайсидир қора танли оқ танлилар учун белгиланган жойларга кирса ёки фақат оқ танлилар фойдаланадиган нарсалардан фойдаланса энг юмшоқ муомала қилинганда уларни қаттиқ ҳақорат қилиб қувишган. Мабодо ўшандай ҳолатда қора танлилар қаршилик кўрсатса, полиция уларни олиб бориб қамаган. Бунда нафақат хусусий ишхоналар, кафе ва ресторанлар, балки давлат идораларида ҳам шу тарздаги тартиблар бўлган. Масалан, Пентагоннинг бош идорасида қора танли ходимлар ўтган асрнинг 70-йилларигача оқ танли ходимлар фойдаланадиган ҳожатхона ва ошхонага кира олмаган. Қора танлилар оқ танлиларга «мистер», «миссис» ёки «мисс» деб мурожат қилиши мажбурий бўлган. Қора танлиларни оқ танлилар ўқийдиган мактаб ва университетларга ҳам қўйишмаган.

Қора танлилар қаҳрамони Мартин Лютер Кинг

Мартин Лютер Кинг Фото: Getty Images

1954 йилда Алабама штати маркази Монтгомери шаҳрида 42 ёшли қора танли аёл Роза Паркс автобусга чиқиб, қонун бўйича ўзидан жой бўшатишни сўраган оқ танли одамга жой бермагани учун қамоққа олинади. Шундан сўнг Монтгомери шаҳрида қора танлиларнинг шаҳар автобусларига чиқмаслик ҳақидаги бойкотлари бошланиб кетади ва унга ёш ёзувчи Мартин Лютер Кинг бошчилик қилади.

Натижада шаҳар транспорти катта зарар кўра бошлайди. Шундан сўнг шаҳар ҳокимияти Мартин билан музокара ўтказиб бойкотни бекор қилишга уринади. Аммо у кўнмайди. Шаҳар ҳокимияти қора танлиларни мажбурлаб автобусларга чиқара бошлайди. Бўйсунмаганларни эса 1921 йилда қабул қилинган қонунни пеш қилиб ҳибсга ола бошлашади. Қора танлилар шунчаки шаҳар транспортига чиқмагани учун қамоққа олинарди.

Аста-секин АҚШда қора танлилар ҳуқуқи бош масалага айланади ва кўпчилик зиёлилар қора танлиларнинг тарафини олиб чиқишлар қилади. Мартин Лютер эса фаол равишда қора танлилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиқа бошлайди ва уларнинг раҳнамосига айланади. Ўша пайтда Мартинга бир неча бор суиқасд ҳам қилинади. 1964 йилда Мартин тинчлик йўналишида халқаро Нобель мукофотини олади.

1965 йилда АҚШ Конгресси «Сайловчилар ҳақидаги қонун»га ўзгартиришлар киритади ва унга кўра штатлар ўз фуқароларига сайлаш ҳуқуқини беришда мустақил қарор чиқара бошлайди. Турли штатлар бирин-кетин қора танлиларга ҳам сайлаш ҳуқуқини беради ва уларга нисбатан жорий қилинган турли чеклов ва тақиқларни бекор бўла бошлайди.

1968 йилда Мартин Лютер Мемфис шаҳридаги меҳмонхона айвонида турганида отиб ўлдирилади. Ўшанда у 39 ёшда эди. Унинг ўлдирилиши бўйича кўплаб тахминлар бор. У америкалик қора танли аҳоли сайлаш ҳамда сайланиш, шунингдек, яна кўплаб ҳуқуқларни қўлга киритганидан сўнг ҳукуматдан асрлар давомида қора танлиларга қилинган ноҳақликлар учун 50 миллиард доллар товон пули талаб қилаётган эди.

Унинг режасига кўра, ушбу маблағ АҚШдаги ҳар бир қора танлига тенг тақсимлаб берилиши лозим эди. Мартин ўлдирилганидан сўнг бу талаб ҳам кун тартибидан тушади. Мартин Лютернинг қотили Жеймс Эрл Рей 99 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Бугун Мартин Лютернинг номи АҚШда қора танлилар ҳуқуқи учун курашган қаҳрамон сифатида ёд этилади.

Афроамерикаликларнинг фуқаролик ҳуқуқлари тиклангандан кейинги вазият қандай бўлди?

Жорж Флойднинг ўлимидан кейин Миннеаполисдаги намойишлар. Фото: John Minchillo / AP / TASS

АҚШда яшаётган қора танлиларнинг барча ҳуқуқлари тиклангандан кейин жамиятда уларни алоҳида ажратиш барҳам топди, аммо уларни ёқтирмайдиган одамлар ҳануз топилади. Айниқса оқ танли полициячилар орасида қора танлиларни ёмон кўрадиган ва имконияти бўлиши биланоқ уларга қарши ҳатто қонундан чиқиб кетиш даражасида зўравонлик қиладиганлар учрайди.

Айримлар ўз нафратини АҚШда содир этиладиган жиноятларнинг аксариятини (ноқонуний наркотик ва қурол-яроқ савдоси) қора танлилар қилиши ва уларни деб АҚШ жамияти тинч яшай олмаётгани билан изоҳлайди. Бу важда ҳам жон бор, лекин аслида афроамерикаликларни ёқтирмайдиган оқ танлилар уларни қора рангдалиги учун ёқтирмаслиги исбот талаб қилмайдиган нарса. 

Ғайрат Йўлдош

Мавзуга оид