Жаҳон | 07:31 / 02.06.2020
18629
2 дақиқада ўқилади

Трамп АҚШдаги тартибсизликлар бўйича мурожаат билан чиқди 

АҚШ президенти Дональд Трамп афроамерикалик эркак Жорж Флойднинг ўлимидан кейин бошланган норозиликлар бўйича ҳамюртларига мурожаат билан чиқди. 

“Бу тинч норозилик эмас, бу ички террорчилик ҳаракатларидир. Бегуноҳ ҳаётларнинг йўқ қилиниши ва қон тўкилиши – бу инсоният ва Тангрига қарши жиноятдир”, деб айтган Трамп. 

Трамп намойишчилар Вашингтонда полиция бўлимини босиб олишгани ва черковга ўт қўйишгани, Авраам Линкольн ва Иккинчи жаҳон уруши мемориаллари вандалликка учрагани, бир неча киши ўлдирилганини айтиб ўтган. 

АҚШ президенти шаҳарлар юзага келган тартибсизликларни ҳал қилиш учун чоралар кўрмаса, унда у қуролли кучларни жалб қилишга ва муаммони тезда ҳал қилишга тайёрлигини айтган. У Вашингтонда тартибсизликлар, талончиликлар ва мулкнинг йўқ қилинишини тўхтатиш учун минглаб ҳарбийлар ва полициячиларни сафарбар қилишини айтган.     

АҚШ президенти штатлар губернаторларига кўчаларни бехатар қилиш вақти келганини айтган. Унинг айтишича, тартибсизликлар ва талончиликларни тўхтатиш учун барча федерал захиралар – фуқаролар ва ҳарбийлар сафарбар қилинади. 

АҚШда қора танли эркак Жорж Флойд полиция томонидан қўлга олиниши вақтида ҳалок бўлгандан кейин оммавий норозиликлар бошланиб кетди. Намойишлар талончиликлар ва тартибсизликлар билан кечмоқда. Тартибсизликлар вақтида бир неча киши ҳалок бўлган. 40 га яқин шаҳарда, жумладан пойтахт Вашингтонда комендантлик соати киритилган. Тартибсизликларни тўхтатишга миллий гвардиянинг бир неча минг жангчиси сафарбар қилинган.    

Мавзуга оид