Жаҳон | 10:19 / 05.06.2020
37637
4 дақиқада ўқилади

“Уни ирқчилик пандемияси ўлдирди”: АҚШ Жорж Флойд билан видолашмоқда 

4 июнь кундузи АҚШнинг Миннесота штати пойтахти Миннеаполисда 25 май куни полиция томонидан қўлга олиниш вақтида ҳалок бўлган афроамерикалик Жорж Флойд билан видолашиш маросими бошланди. Маросим боришини жонли эфирда Ғарбнинг етакчи телеканаллари, жумладан СNN ва ВВС олиб борган.

Фото: REUTERS/Terray Sylvester

Айтиш жоиз, Флойд сўнгги манзилига миллий қаҳрамонларга хос равишда кузатилган. Унинг жасади кейинги ҳафтада дафн қилинади. Бунгача бир нечта шаҳарда у билан видолашиш маросимлари бўлиб ўтади. Жумладан, Миннеаполисдаги маросимдан кейин унинг жасади солинган олтин тобут у туғилган Рейфорд шаҳрига (Шимолий Каролина) 6 июнда одамлар ва оиласи видолашиши учун етказилади. Шунингдек, Флойд билан видолашиш маросими 8 июнда Хьюстонда бўлиб ўтади. Флойд бу шаҳарда вояга етиб, ҳаётининг катта қисмини яшаган. 9 июнда марҳумнинг хотирасига черковда 500 кишилик маросим ўтгач, у дафн этилади.     

Миннеаполисда Флойд билан видолашишга унинг оиласи аъзолари ва дўстлари билан бир қаторда Миннесота штати губернатори Тим Уолз, Миннеаполис мэри Жейкоб Фрей, конгрессмен Илхон Омар ва америкалик сиёсатчи Жессика Жексон ва яна кўплаб сиёсатчилар ҳамда машҳур кишилар келган. The Guardian британ нашри сайтида видолашиш маросими ўтган черков олдида бир нечта оқ танли республикачи конгрессменлар бир оёғига тиз чўкиб тургани сурати тарқалди. Шунингдек, Флойднинг тобутини олиб кетаётган кортеж йўлида ҳам маҳаллий полициячилар тиз чўкиб туришган. Маросим иштирокчиларига коронавирус тарқалиши олдини олиш учун бир-бирларидан масофа сақлаш уқтирилган.

Маросимда Флойднинг укаси Филониз Флойд ўз оиласи ва АҚШ жамияти “адолатга эришинини” айтган. У аввалроқ CNN телеканалига берган интервьюсида акасининг ўлимига алоқадор полициячилар ўлим жазосига лойиқлигини айтган. Флойд оиласининг адвокати Бенжамин Крамп адолат учун кураш “суд залида ва унинг ташқарисида” давом этиши кераклигини таъкидлаган. Бундан аввалроқ апрелда Флойдда коронавирусга тест мусбат чиққани маълум бўлганди. Бироқ адвокатнинг таъкидлашича, уни вирус ўлдирмаган.

“Уни коронавирус пандемияси ўлдирмади. Мен буни аниқ айтмоқчиман. Уни бизга Америкада анчадан бери таниш бўлган пандемия – ирқчилик ва таҳқирлаш пандемияси ўлдирди”, деб айтган Крамп. 

У, шунингдек, америкаликларни адолат қарор топмагунча норозиликларни давом эттиришга чақирган.      

Маросим ўтаётган бир вақтда Флойднинг ўлими бўйича яна уч полициячи - Томас Лейн, Жей Александр Куэнг ва То Тао суд олдида жавоб бера бошлашган. Улар иккинчи даражали қотилликка шериклик қилишда ва гиж-гижлашда айбланмоқдалар. Агар улар айбдор деб топилсалар, 40 йилга озодликдан маҳрум этилишлари мумкин. Бир кун аввал Миннесота бош прокурори Флойд ўлимининг бевосита сабабчиси, уни қўлга олиш вақтида бўйнини тиззаси билан босиб турган полициячи Дерек Шовинга қўйилаётган айбловни қатъийлаштирганди. Шовинга ҳам 40 йиллик қамоқ жазоси берилиши мумкин. Маълум қилинишича, уч полициячидан икки нафари маҳаллий полицияда бир ҳафта ҳам ишлашга улгурмаган. Улар Шовин назорати остида полицияда синов муддатини ўтаётган бўлганлар.

Мавзуга оид