Ўзбекистон | 17:34 / 07.06.2020
8666
2 дақиқада ўқилади

Суғориш тармоқларида 40 фоизга яқин сув йўқотилмоқда – Сув хўжалиги вазири

Фарғона вилоятида сув далага 4 соатда етказиб берилади. Лекин сув қувур орқали етказилганда 4 соат ўрнига 4 дақиқа етарли бўлган.

Фото: ЎзА

Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев сувни далаларга қувур орқали етказиш билан 40 фоиз сув, 30 фоиз электр энергия иқтисод қилиниши мумкин бўлгани ҳақида гапирди.

«Фарғона вилоятида 360 минг гектар суғориладиган майдон мавжуд бўлса, вегетация даврида 3 миллиард 700 миллион кубдан ортиқ сув талаб қилинади. Ҳисоб-китобларга кўра, 455 миллион метр куб сув камроқ сарфланиши мумкин. Бунинг учун сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш керак бўлади. 

Аслида, суғориш тармоқларида 40 фоизга яқин сув йўқотилади. Буни камайтириш ва сув бошқариш тизимидаги муаммоларни ҳал қилиш керак. Агар сув тўғри бошқарилса, бу каби муаммоларга йўл қўйилмайди», дея қайд этиб ўтди Сув хўжалиги вазири.

Вазирнинг таъкидлашича, Фарғона вилоятида сув далага 4 соатда етказиб берилади. Лекин сув қувур орқали етказилганда 4 соат ўрнига 4 дақиқа етарли бўлган. Бу орқали 40 фоиз сув, 30 фоиз электр энергия иқтисод қилинади.

«Давлат раҳбарига мазкур ўрганишларни тақдимот қилиб кўрсатдик ва сув тежовчи технологиялар учун 50 миллион АҚШ доллари ажратилиши белгиланди. Маблағни қандай йўналтириш учун алоҳида ишчи гуруҳ тузилди ва қайси ҳудудларда сув таъминотига оид муаммолар кўплиги аниқланиб, чоралар кўрилади», деди Шавкат Ҳамроев Халқаро пресс клубнинг Фарғонада ўтказилган сессиясида.  

 

Мавзуга оид