АҚШдаги намойишлар: Христофор Колумбнинг бир ҳайкали бошсиз қолди, яна бири кўлга улоқтирилди
Июнь ойи бошида АҚШдаги ирқчилик ва полициянинг зўравонлигига қарши намойишлар вақтида қул савдогарлари ва конфедератлар армиялари генералларига қўйилган ёдгорликлар бузиб ташланиши кузатилган эди.
10 июнга келиб, навбат Христофор Колумб ҳайкалларига келди – Колумбга атаб қўйилган монументлардан бири бошсиз қолди, яна бирини кўлга улоқтиришди.
Колумб – Америка кашфиётчиси саналади. АҚШда ҳатто Колумб куни ҳам нишонланади (12 октябрь). Аммо сўнгги йилларда денгизчининг мероси қайта кўриб чиқилмоқда – танқидчиларга кўра, Колумбнинг саёҳати амалда трансатлантик қул савдосига йўл очиб берган.
Қолаверса, испан-итальян жаҳонгаштасини Американинг туб аҳолисига шафқатсиз муносабатда бўлганликда ва уларни ўлдирганликда айблашади. Шу боисдан ҳам айрим штатларда Колумб кунини бекор қилиб, ўрнига Туб маҳаллий аҳоли кунини жорий қилишга қаратилган чақириқлар бор.
Айни кунлардаги намойишларда Колумб ҳам норози америкаликлар эътиборидан четда қолмаяпти. Виржиния штатининг Ричмонд шаҳридаги тинч намойиш вақтида акция иштирокчилари денгизчининг ҳайкали атрофида йиғилиб, расмийлардан ёдгорликни расман бузиб ташлашни талаб қилишди.
Бир неча соат ўтиб, намойишчилар қўлларига арқон олганча ўзлари монументни олиб ташлашга киришдилар. Ҳайкалга ўт қўйилиб, паркка судраб олиб келинди ва кўлга ташлаб юборилди.
Ёдгорлик ўрнатилган устунда эса қуйидаги ёзув пайдо бўлди: «Колумб – геноцид рамзи».
Бостон шаҳрининг Норт-Энд районидаги паркка ўрнатилган Христофор Колумб ҳайкали ҳам намойишчилар ғазабига дучор бўлди. 10 июнь куни денгизчи монументининг бош қисми юлиб олинди. Ҳайкал бўлагини шу яқин атрофдан топишган.
Маълум бўлишича, бу – Бостондаги мазкур ёдгорликка қилинган биринчи ҳужум эмас. 2004 йилда унга «қотил» сўзини ёзиб кетишган, 2006 йилда эса кечагидек бошсиз қолдиришган, 2015 йилда эса бош қисмини қизил бўёқ билан бўяб ташлаб, асос қисмига «Black Lives Matter» шиорини («қора танлиларнинг ҳаёти муҳим») ёзиб кетишганди.
Бостон расмийлари ҳайкал реконструкция қилиш мақсадида жойидан олиб кетилишини, аммо шу билан монумент ўз ўрнига қайтмаслиги мумкинлигини билдиришди:
«Ёдгорлик бир неча марта вандализмга учради. Шаҳримиз ва бутун мамлакатдаги гап-сўзларни ҳисобга олган ҳолда, биз унинг тарихий аҳамиятига баҳо беришимиз лозим».
Европалик кашфиётчининг ҳайкалларига қилинган ҳужумлар ижтимоий тармоқларда яна ушбу мавзу муҳокамаси бошланишига туртки бўлди.
Намойишчилар тарафдорлари ёдгорликларга зарар етказилганини ёқлаб, «адолат қарор топгани»ни айтишмоқда.
Бошқалар эса бу ҳаракатларда тарихни қайта ёзишга уринишни кўрмоқда. Қарши томоннинг фикрича, бу хатти-ҳаракатлар – ўтмиш элементлари замонавий контекстга мос келмай қолганда улардан воз кечилишини ифодаловчи «бекор қилиш маданияти»нинг бир кўринишидир.