Жаҳон | 21:40 / 11.06.2020
13315
2 дақиқада ўқилади

«Бункерингизга қайтинг»: Сиэтл мэри президент Трампга кескин жавоб қайтарди

АҚШнинг Сиэтл шаҳрида оммавий тартибсизликлар авж олиб, намойишчилар бир нечта кварталларни тўсиб олишди ва у ерда баррикадалар ҳосил қилиб, ҳудудни «автоном ҳудуд» деб эълон қилишди. Бундан ташқари, улар шаҳар мэри Женни Дюрканнинг истеъфосини талаб қилишмоқда.   

Женни Дюркан / Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп Сиэтлдаги тартибсизликларга изоҳ бериб, намойишчиларни «ички террорчилар» деб атаган.  

“Ички террорчилар радикал сўл демократлар бошқарадиган Сиэтлни эгаллаб олишди”, деб айтган Трамп.

АҚШ президенти, шунингдек, шаҳар мэрияси ва Вашингтон штати раҳбариятини ҳаракатсизлик учун танқид қилган.

“Штат губернатори Жей Инслини ва Сиэтл мэрини мамлакат учун мисли кўрилмаган даражада лақиллатиб, мазах қилишди. Ўз шаҳрингизни ҳозироқ қайтариб олинг. Агар буни қилмасангиз, унда ўзим қиламан. Бу ўйин эмас. Бу даҳшатли анархиячиларни зудлик билан тўхтатиш лозим. Тезроқ ҳаракатингизни қилинг!”, деб ёзган Трамп.  

Сиэтл мэри бунга жавобан Трампга бункерига қайтишни тавсия қилган.

“Хавфсизлигимизни таъминланг. Ўз бункерингизга қайтинг”, деб жавоб қилган Женни Дюркан. 

Аввалроқ ОАВда Вашингтондаги оммавий норозиликлар вақтида Трамп Оқ уйдаги бункерга яширилгани ҳақида маълумот пайдо бўлганди. Бироқ Трампнинг ўзи бу маълумотни рад этганди. Унинг таъкидлашича, у бошпанада уни кўздан кечириш учун оз вақтгина бўлган.

АҚШда 25 май куни афроамерикалик Жорж Флойд полиция томонидан қўлга олиниш вақтида ҳалок бўлгандан кейин ирқчиликка ва полиция зўравонлигига қарши оммавий норозиликлар авж олиб, кўп жойларда улар тартибсизликлар ва талончиликларга айланиб кетди.

Мавзуга оид