Ўзбекистон | 11:32 / 22.06.2020
7585
4 дақиқада ўқилади

Солиқ мониторингини ўтказиш тартиби эълон қилинди

Солиқ кодексининг қабул қилиниши муносабати билан солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришга оид айрим низомлар тасдиқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг қабул қилиниши муносабати билан солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришга оид айрим низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар:

“Солиқ мониторингини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом;

“Солиқ органи ва банк тизими ўртасида электрон маълумот алмашинуви тартиби тўғрисида”ги низом;

“Давлат божи ва бошқа йиғимларни ундирадиган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан давлат божи ва бошқа йиғимларнинг бюджет тизимига тушумларини ҳисобга олиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланади.

Солиқ мониторингини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, солиқ органининг ваколатли мансабдор шахслари ва юридик шахс солиқ мониторинги иштирокчилари ҳисобланади.

Солиқ мониторинги солиқ тўловчига нисбатан давлат солиқ органлари томонидан, йирик солиқ тўловчиларга нисбатан эса – Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан ўтказилади.

Солиқ (ҳисобот) даври учун солиқ мониторинги ўтказилаётган бўлса, бундай давр учун камерал солиқ текшируви ўтказилмайди.

Солиқ мониторингини ўтказишга тайёргарлик кўриш босқичида солиқ органи томонидан тушунтириш иши ўтказилади, унинг доирасида солиқ тўловчига қонун ҳужжатлари билан билан тасдиқланган талаблар ва солиқ мониторингини ўтказиш тартиби тушунтирилади.

Ҳар бир солиқ тўловчи фаолиятининг ва тузилмасининг ноёблигини ва ўзига хослигини инобатга олган ҳолда, солиқ органининг мансабдор шахслари солиқ тўловчининг ахборот тизимлари билан бирламчи танишиб чиқади, сўнгра солиқ мониторингини ўтказиш режаси ва методологиясини ишлаб чиқадилар.

Солиқ мониторингини ўтказиш тўғрисида ариза солиқ тўловчи томонидан ҳисобда турган жойдаги солиқ органига ёзма ва (ёки) солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон шаклда, Низомнинг 1–иловасига мувофиқ шаклда тақдим этилади.

Ҳисобда турган жойдаги солиқ органи солиқ мониторингини ўтказиш тўғрисида аризани ва унга бириктирилган ҳужжатларни давлат солиқ органларига, йирик солиқ тўловчилар бўйича эса – Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига кўриб чиқиш учун юборади.

Солиқ мониторингини ўтказиш тўғрисида аризада қуйидагилар кўрсатилади:

солиқ тўловчининг номи ва идентификация рақами;

жойлашган ери манзили (почта манзили);

йиллик молиявий ҳисобот маълумотлари бўйича олдинги йил учун даромадлар миқдори;

тақдим этиладиган маълумотларнинг тўғрилигини тасдиқлайдиган солиқ тўловчи раҳбарининг (солиқ тўловчи вакилининг) лавозими, фамилияси, исми, шарифи.

Солиқ мониторингини ўтказиш тўғрисида ариза билан қуйидагилар тақдим этилади:

солиқ мониторингини ўтказиш тўғрисида ариза тақдим этган юридик шахсда бевосита ва (ёки) билвосита иштирок этадиган ҳамда бундай иштирок улуши 25 фоиздан ортиқни ташкил этадиган жисмоний ва юридик шахслар тўғрисидаги ахборот;

ахборотга доир ҳамкорлик регламенти;

солиқ солиш мақсади учун амалдаги ҳисоб сиёсати.

Солиқ кодекси 171–моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ солиқ мониторингини ўтказиш тўғрисида ариза тақдим этган солиқ тўловчи солиқ органи томонидан солиқ мониторингини ўтказиш ёки уни ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар ўзининг аризасини Низомнинг 2–иловасига мувофиқ шаклида ёзма ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинет орқали электрон ариза асосида чақириб олиши мумкин.

Солиқ мониторингини ўтказиш тўғрисида ариза солиқ органи томонидан уни ўтказиш тўғрисида ёки уни ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилингунга қадар қайтариб олинган тақдирда тақдим этилмаган деб ҳисобланади.

Мавзуга оид