Жамият | 14:00 / 24.06.2020
79264
5 дақиқада ўқилади

«Темир генерал»: ўзбек ва поляк халқлари қаҳрамони Собир Раҳимовнинг ҳаёт йўли

«Шон-шараф музейи» тарихчи олимларининг маълумот беришича, Собир Раҳимов генерал бўлишига қарамай ҳамиша оддий аскарлар билан суҳбатдош ва ҳамфикр бўлган. У ҳар қандай жангда олдинги сафларда бўлгани ҳақида маълумотлар сақланган.

Генерал Собир Раҳимов 1902 йил 25 январда туғилган. Унинг туғилган жойи сифатида 2та ҳудуд тахмин қилинади: Тошкент шаҳри ёки айрим маълумотларга кўра, ҳозирги Жанубий Қозоғистон вилояти, Казигурт тумани. Бўлажак ҳарбийнинг отаси қозоқ, онаси эса ўзбек миллатига мансуб бўлган.

Собир Раҳимов 1922 йилда қизил армия сафига хизматга борган. 1925 йилда эса Боку бирлашган ҳарбий мактабини тамомлаган. Кейинчалик 1930 йилда қўмондонлик малака ошириш курсларини тугатган, турли ҳарбий округларда хизмат қилган.

1938 йилда қизил армия сафидан захирага бўшатилган, бироқ 1940 йилда армияга қайта тикланади ва Раҳимов ғарбий махсус ҳарбий округга юборилади.

Урушга қадам

Собир Раҳимов 1941 йил июнь ойида Иккинчи жаҳон урушига майор унвонида, мотоўқчилар полкининг командири ўринбосари лавозимида киришган.

У ғарбий фронтда Беларусь ва Смоленск вилоятидаги мудофаа жангларида қатнашган. 1941 йил июль ойида яраланиб, госпиталга юборилади.

Собир Раҳимов даволангач, яна уруш ҳаётига қайтарилади, лекин 1942 йил январда иккинчи марта яраланади. Сўнг яна тузалиб урушга қайтади. 1943 йил бошида у бошчилик қилган дивизия Шимолий Кавказдаги ҳужум операцияларида жонбозлик кўрсатади.

Олдинги сафлардаги генерал

Полковник Собир Раҳимов 1943 йил 19 мартда генерал-майор ҳарбий унвонини олган.

Тошкент шаҳрида жойлашган «Шон-шараф музейи» тарихчи олимларининг маълумот беришича, Собир Раҳимов генерал бўлишига қарамай, ҳамиша оддий аскарлар билан суҳбатдош ва ҳамфикр бўлган.

Тарихчиларнинг айтишича, Раҳимов ҳар қандай жангда олдинги сафларда бўлгани ҳақида маълумотлар бор. Балки шунинг учундир, Сталин уни «темир генерал» дея сифатлаган эди.

1943 йил 8 апрелда генерал-майор Раҳимов дивизион бошқарувидан озод қилиниб, Москвага, Ворошилов номидаги бош штаб ҳарбий академиясига ўқишга юборилади.

Академияни тамомлагач, генерал фронтга қайтади ва 1944 йил ноябрда ўқчилар дивизиясига командир этиб тайинланади.

Польшани қутқариш операцияси

Собир Раҳимов 65-армия таркибида Шарқий Пруссия хужум операциясида жанг олиб борган. У 9 минглик душман гарнизони ҳимоя қилаётган мустаҳкам Грауденз шаҳрини (ҳозирги Грудзёндз, Польша) штурм қилишда жонбозлик кўрсатган.

Генерал И.Федюнинский командирлигидаги дивизия 1945 йил 16 февралда кучли зарба билан шаҳар четидаги душман истеҳкомларига ёриб кириб, бир неча аҳоли яшаш пунктларини озод қилади ва шаҳарга кириб боради.

Раҳимов бўлинмасининг қатъий ҳаракатлари, гарнизоннинг асосий кучларини унга қаратишга мажбур қилади, натижада 22 февралга ўтар кечаси бошқа бўлинмалар ҳам турли йўналишлардан ҳужум қилиб, шаҳар озод қилинади.

Адашган ўқ парчасидан сўнг 8 соат

Собир Раҳимовни Польшада илиқлик билан эслашади. У Польшанинг Грудзёндз, Гнев, Староград, Дзяддово шаҳарларини озод этиш учун бўлган жангларда саркардаларга хос ҳарбий санъатни намойиш этган.

1945 йил 26 мартда Гданск шаҳрини озод этиш учун бўлган жангда ҳужумга ўтган душман кемалари артиллериясидан отилган катта калибрли тўплардан дивизиянинг кузатув пункти йўқ қилинади. Кузатув постида бўлган генерал-майор Собир Раҳимовнинг боши снаряд парчасидан оғир яраланади ва саккиз соатдан кейин ҳушига келмасдан касалхонада вафот этади.

Собир Раҳимовга ўлимидан сўнг қаҳрамон унвони берилди. Польша халқи эса ўзбеклар каби генерал Собир Раҳимов номини эъзозлаб келмоқда. Гданск шаҳридаги кўчалар, мактабларга Собир Раҳимов номи берилган.

Собир Раҳимов тақдирланган медаллар

«Шон-шараф» музейи тарихчиларининг маълумот беришича, 60-йиллар ўрталарида Собир Раҳимовнинг рафиқасига Гданск шаҳрининг рамзий калити топширилади. Бунинг билан поляк халқи душманлардан озод бўлишда жонбозлик кўрсатган шахсни унутмаслигини билдиради.

Собир Раҳимовнинг қабри Тошкентга кўчириб келтирилган. Унинг қаҳрамонликларига атаб кўплаб бадиий асарлари ва бадиий фильм яратилган. 2018 йил майида генералнинг ҳайкали Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги хиёбонда қайта қад ростлади.

Собир Раҳимов бош кийими - Папаҳа
Ҳозирги кунда Тошкентдаги “Шон-шараф музейи”да сақланмоқда
Собир Раҳимов уст кийими,
Ҳозирги кунда Тошкентдаги “Шон-шараф музейи”да сақланмоқда.
Собир Раҳимов ишлатган дала сумкаси, 
Ҳозирги кунда Тошкентдаги “Шон-шараф музейи”да сақланмоқда.
Собир Раҳимов фойдаланган қурол,
Ҳозирги кунда Тошкентдаги “Шон-шараф музейи”да сақланмоқда.

Мавзуга оид