Жамият | 15:18 / 09.05.2024
32254
3 дақиқада ўқилади

Урушдан 79 йил ўтиб: Собир Раҳимов билан бир сафда жанг қилган аскар

Икки акасининг ортидан фронтга жўнаган водиллик Орифжон ота Мўминов уруш даҳшатлари ҳақида эслайди. У урушда танкчи бўлиб хизмат қилган.

Орифжон ота Мўминов 1924 йилда Фарғона тумани Водил қишлоғида туғилган. 1943 йилда акалари ортидан урушга жўнаган. 1950 йилда урушдан қайтиб келиб 40 йил колхозда тракторчи бўлиб ишлаган. Оила қуриб 15 нафар фарзанд тарбиялаган. 42 невара, 54 чевара ва 2 эверанинг бобоси. У уруш дамларини шундай хотирлайди:

“1943 йил декабрда кетганман, шу билан урушга кирдик. Акаларимни ахтариб Москвага бордим дивизияга. Чунки икки акам мендан аввал жангга отланганди. Уларга ватанга қайтиб келиш насиб этмади.

Орифжон ота Мўминов

1941 йилда Водил, кейин эса Олтиариқда ўқидим, урушда танк минасан, дейишди. Ростдан ҳам танкчи бўлдим. Генерал Собир Раҳимов билан бир сафда жанг қилдик.

Уруш майдонига кириб бордик. Катта яланглик, кўз очиб бўлмайди, немис танклари бири қўйиб бири отяпти. Йигитларга бошларингни кўтарманглар дедим-да, тутун чиқарувчи снаряд отдим. Ўша ерларни россияликлар 3 та дивизия билан ҳам ололмаган экан.

Биз танкда кетаётганимизда йўлда чиқиб қолган ярадор немисларни касалхоналарига олиб борардик, немислар эса босиб кетарди аяб ўтирмасдан, болаларни ҳам ўлдиришган. Ўша жангда 21 та снаряд отдим. Пулемётлар тинимсиз отаётганди, шундан кейин жимиб қолди. Кейин олға юриб, ҳудудни эгалладик. Ҳарбий базани ҳам олдик. Шу кетишда Берлингача борганмиз.

Жамоада 4 нафар қадрдон танкчи дўстларим бор эди, лекин уларнинг барчаси ўлди, битта мен омон қолдим.

Кўп давлатларда бўлдим. Бирида ўликларни ёқишяпти, бошқасида эса сувга оқизишяпти, четда шунақа экан. Ўзбекистон халқи эса етим қолган болаларни тарбиялаб, вояга етказди. Ўшаларнинг савоби ҳам тегиб шу кунларга етдик».

Орифжон ота Мўминовнинг невара келини Нафиса Дўстматова бобосининг 100 ёшда ҳам тетик юришига сабаб бўлган жиҳатларни сўзлаб берди.

«Бобом, аслида, 1924 йилда туғилган. Оталари ёшини кичикроқ қилиб ҳужжат олган, чунки акалари урушда вафот этган. Лекин урушга борганлар, омон қайтганлар.

Нафиса Дўстматова

Мана ҳозир шу ёшларида ҳам машина минадилар. 15 фарзанди, 42 невара, 54 чевараси, 2 нафар эвараси бор бобомнинг. Нега бунча бардамсиз, игнадан ип ўтказа оласиз, сири нимада, деб сўрасам, камроқ туз ейиш керак, дейдилар. Шунинг учун уйимизда овқат қилинганда нисбатан камроқ туз соламиз. Спорт билан ҳам шуғулланиб турадилар, ҳавас қиламиз», дейди у.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Низомжон Тошпўлатов

Мавзуга оид