Ўзбекистон | 09:36 / 30.06.2020
4898
4 дақиқада ўқилади

«Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси янги таҳрирда эълон қилинди

Қонуннинг мақсади ноширлик фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида янги таҳрирдаги "Ноширлик фаолияти тўғрисида"ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатга кўра, ноширлик фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

ноширлик фаолиятининг эркинлиги;

китобхонлик маданиятини оммалаштириш ва ошириш;

муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

ноширлик фаолияти эркинлигини суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик.

Ноширлик фаолияти субъектлари ўз фаолиятида, шу жумладан мавзуни, ихтисослашувини, ишлаб чиқариш кооперациясини аниқлашда, муаллифларни танлашда, ададларни, ноширлик маҳсулотининг нархини белгилашда, ўзаро алоқаларнинг, ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар, шунингдек бошқа ташкилотлар билан алоқаларнинг шаклларини белгилашда мустақилдир.

Давлат органлари ва жамоат бирлашмалари мансабдор шахслари томонидан, агар улар нашр муаллифи бўлмаса, ноширлардан материалларнинг олдиндан келишиб олинишини, матнни олиб ташлашни ёки унинг айрим қисмларини тузатишни талаб қилишига йўл қўйилмайди. Нашрга тайёрланган қўлёзмаларни ва материалларни цензурадан ўтказишга йўл қўйилмайди.

Давлат, ноширлар, ноширлик маҳсулотини тайёрловчилар ҳамда тарқатувчилар китобхонлик маданиятини оммалаштиришга ва оширишга кўмаклашади.

Китобхонлик маданиятини оммалаштириш ва ошириш қуйидагилар орқали амалга оширилади:

китобхонликни тарғиб қилиш учун қулай ахборот маконини шакллантиришга кўмаклашиш ва ижтимоий аҳамиятга молик адабиётдан фойдаланишни таъминлаш;

миллий ва жаҳон адабиёти классикларининг энг яхши асарларини чоп этиш ва тарқатиш, шунингдек улардан китобхонларнинг фойдаланишини таъминлаш;

жамоатчилик онгида китобнинг қиммати ва аҳамияти тўғрисида барқарор тасаввурларни шакллантириш;

аҳолининг барча қатламларини, аввало ёшларни китобхонликка жалб этиш.

Ноширлик фаолиятида муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосий вазифалари муаллифлик ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлашдан, шунингдек контрафакт маҳсулотни ишлаб чиқариш ва тарқатишга қарши курашишдан иборатдир.

Қуйидагиларни ўз ичига олган нашрларни ва ноширлик маҳсулотини ишлаб чиқариш ҳамда тарқатишга йўл қўйилмайди:

Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга доир даъватларни;

уруш, зўравонлик ва терроризм, шунингдек экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари тарғиботини;

давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни;

миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни қўзғатувчи ахборотни;

агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар тарғиботини;

порнография тарғиботини;

тайёрланиши ва тарқатилиши қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ахборотни.

Фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, мазмунига кўра уларнинг шахсий ҳаётига аралашув деб қаралиши мумкин бўлган нашрларни ҳамда ноширлик маҳсулотини чиқариш ва тарқатиш тақиқланади.

Ноширлик фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

фуқароларнинг ахборот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш;

ноширлик фаолиятини тартибга солиш ва ривожлантириш;

миллий ноширликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, ноширлик маҳсулотини сотиш бозорларини кенгайтириш;

ноширлик фаолиятининг моддий-техника базасини, ҳуқуқий ва илмий асосларини мустаҳкамлаш;

ноширлар ва муаллифларнинг ҳуқуқларига риоя этилишини ҳамда уларнинг ўз мажбуриятларини бажаришини таъминлаш;

ноширлик фаолияти соҳасидаги давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, мазкур соҳада тадбиркорликни ривожлантириш учун рақобатга асосланган бозор шароитларини яратиш;

ноширлик фаолияти соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш.

Мавзуга оид