Жаҳон | 08:21 / 05.07.2020
24969
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ коронавирусга қарши 3та дори синовини тўхтатди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусни даволаш учун самарали дорини излаш бўйича синовлар доирасида ремдесивирни энг самарали дори деб топиб, бошқа 3 та дори: гидроксихлорохин, лопинавир ва ритонавирнинг синовларини тўхтатди. Бу ҳақда ЖССТнинг баёнотида маълум қилинган. 

ЖССТ мутахассислари 4 ойлик синовлар якунларига кўра, синалаётган дори воситаларидан энг самаралиси ремдесивир эканини айтишган.

"Синовларнинг дастлабки натижалари гидроксихлорохин ва лопинавир/ритонавир коронавирусга чалинганлар орасида ўлим ҳолатларини камайтирмаслигини кўрсатди. Шу сабабли ЖССТ Бирдамлик синовлари Халқаро бошқарув қўмитасининг ушбу дорилар синовини тўхтатиш бўйича тавсиясини қабул қилди”, дейилган баёнотда.  

Ремдесивир, гидроксихлорохин, лопинавир ва ритонавир турли комбинацияларда, жумладан интерферон билан бирга, ЖССТ март ойидан бери олиб бораётган “Бирдамлик синовлари”да қўлланган. Синовларда 4,5 мингдан кўпроқ бемор иштирок этган.

“Бирдамлик синовлари” 18 мартда дунёда коронавирусни даволашнинг турли усуллари бўйича ахборот алмашиш учун йўлга қўйилган. У турли дориларнинг вирусга қарши синашни ва улар орасидан энг самаралисини аниқлашни кўзда тутади. Ҳаммаси бўлиб дастурда 45 тадан кўпроқ давлат иштирок этмоқда.

Мавзуга оид