Ўзбекистон | 16:15 / 14.07.2020
6157
2 дақиқада ўқилади

Янги паспорт олган абитуриентларнинг онлайн рўйхатдан ўтишидаги муаммолар бартараф этилди — ИИВ

Kun.uz таҳририятига янги паспорт олган абитуриентлар ОТМларга ҳужжат топширишда муаммога учраётгани борасида мурожаатлар келиб тушмоқда.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг Электрон ахборот тизимлари бошқармаси бошлиғи Фазлиддин Усмоновдан ахборот олдик.

«Янги паспорт олган фуқароларнинг маълумотлари abitur.dtm.uz сайтида кўринмаётгани борасида муаммолар бир неча кун олдин бартараф этилди.

12 июль куни Давлат тест маркази ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази ўртасида оператив интеграция йўлга қўйилиши натижасида электрон базага тўғридан-тўғри уланиш имкони қилинди. Эндиликда онлайн қабул жараёнида абитуриентнинг шахсий маълумотлари билан боғлиқ муаммолар юзага келмайди. Ҳозирги пайтда янги паспорт олган фуқароларнинг маълумотлари ДТМ сайтида кўриняпти. Шу пайтгача онлайн қабулда ДТМ абитуриентнинг паспорт маълумотларини ИИВнинг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси томонидан олган.

Айрим фуқаролар шахсий маълумотлари ҳалигача ДТМ сайтида кўринмаётган бўлиши мумкин. Техник муаммолар туфайли Давлат персоналлаштириш маркази тизимида фуқарога паспорт берилгани тўғрисидаги маълумот қайд қилинмай қолган бўлиши ва маълумот янгиланса, ДТМ сайтида ушбу маълумот кўринади. Бунда абитуриент ўзи паспорт олган Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига бориб, махсус мосламага бармоғини босади, фуқаронинг паспортидаги маълумотлар автоматик ўқиладиган мосламадан ўтказилади ва маълумот базага киритилади. Ўша пайтнинг ўзида абитуриент шахсий маълумотлари abitur.dtm.uz сайтига киритилганини текшириб олиши керак», – деди Фазлиддин Усмонов.

Эслатиб ўтамиз, 20 июндан бошланган онлайн ҳужжат топшириш 20 июлга қадар давом этади.

Мавзуга оид