Ўзбекистон | 14:19 / 16.07.2020
7302
5 дақиқада ўқилади

«Ҳафсаласизлик инфекция манбайини яратиши мумкин». Иброҳим Абдураҳмонов ишлатилган ниқобларни кўча-кўйда ташлаб кетмасликка чақирди

Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов аҳолини ишлатилган ниқобларни дуч келган жойга ташлаб кетавермасликка чақирди.

«Жамоат жойларида, кўчаларда ишлатилиб, тартибсиз ташлаб кетилган ҳимоя ниқобларига кўзингиз тушгандир. Коронавирус инфекциясининг симптомларсиз ўтадиган тури ҳам борлиги ҳақида тинимсиз айтилмоқда. Шу билан бирга, катта эҳтимоллик билан вирусли томчилар қуриб, ҳаво орқали кўчиб юриши ва тарқалиши мумкинлиги тўғрисида ҳам хавотирлар пайдо бўляпти. Шу нуқтайи назардан қаралса, ҳафсаласизлик билан улоқтирилган ҳимоя ниқоблари хавф туғдирадиган инфекция манбайи бўлиши мумкин.

Балки жамоат жойларига ишлатилган ниқоблар учун махсус дезинфекцияловчи контейнерлар қўйилишини ташкил қилиш керакдир. Нима бўлганда ҳам, минглаб кишилар шундай ҳолатларга эътибор беришлари, жамоат жойларида ва оилада гигиена-санитария талабларига қатъиян риоя қилишлари керак бўлади.

Ҳар биримиз табиий заруратга айланган карантин чораларига риоя қилишимиз, ишлатилган ниқобларни иложи борича дезинфекциялаб, кейин белгиланган жойларга ташлашга ҳаракат қилишимиз касалликни енгишда катта ёрдам беради», – деб ёзади олим Kun.uz'га тақдим этилган мақоласида.

Карантин сақлаш – фақат инсонларгагина хос хусусият эмас

Биология фанлари докторининг сўзларига кўра, касаллик тарқалиш шароитида ўз-ўзини иҳоталаш фақат инсонларгагина хос нарса эмас. Абдураҳмонов бунга бир неча илмий далилларни санаб ўтган.

«Пандемия билан боғлиқ равишда юзага келган вазиятни ўнглашнинг энг мақбул ва хавфсиз чораси инфекция кенг тарқалмаслиги учун карантин тадбирларини кучайтириш эканлиги айтилмоқда. Аслини олганда бу – тириклик эволюциясида омон қолиш инстинктидир.

Мукаммал экотизим ҳисобланган жонли табиатда жамоавий ҳаёт кўринишларида касаллик туфайли оммавий қирилиб кетишдан сақланиш чораси сифатида ҳам ўз-ўзини иҳоталашнинг ўрнак бўларли кўринишлари мавжуд. Биолог ва генетик олим сифатида бу борада бир неча мисоллар келтирмоқчиман.

Ўз жамоасидаги интизом билан илмий ва ҳужжатли манбалардан ўрин олган чумолилар жамоасида инфекция юқтириб олиш шароитида қатъий чекловлар жорий қилиш тартиби мавжуд. Ўзига хос замбуруғ касаллигини юқтириб олган чумолилар бошқа турдошларига яқинлашишдан қочишади. Агар касаллик жамоанинг маълум қисмига юқса, зарарланган чумолилар ўзларига чеклов ўрнатишади, соғлом турдошлари эса индан ташқарига чиқмаслик учун қилинадиган ишларни ўзаро тақсимлаб олишади. Яъни касаллик тарқалганида ушбу жамоада тўла карантин жорий қилинади, соғлом жонзотлар бир-бирлари билан мулоқотни камайтиради.

Бундай тартиб жонзотларнинг бошқа жамоаларида ҳам мавжуд. Омар деб аталадиган қисқичбақалар касалланган турдошини бошқалардан иҳоталаб қўйишади. Кариб денгизидаги лангуста деб аталадиган жонзотлар касалланган турдошига яқинлашишдан кўра, ташқарида қолишни афзал кўришади.

Бундай тартиб ваҳший жонзотларда ҳам кузатилади: шерлар касални жамоадан чиқариб юборишади, касалланган бўри эса ўз тўдасини ташлаб кетади.

Табиий инстинктларга кўра ҳаёт кечирувчи бу жонзотлар атрофида тиббиёт хизматчиси, дори-дармон ёки тиббиёт ҳақидаги тушунчаси бўлмаса ҳам, ўз турдошларини, авлодларини оммавий қирилиб кетишдан сақлаб қолиш учун шундай йўл тутишади. Бутун ер юзидаги жонли табиат шундай тартиб асосида яшайди, бу ўз-ўзини сақлаб қолишнинг эволюцион ечимидир.

Фанда «ўсимликлар карантини» тушунчаси мавжуд. Бу маълум бир мамлакатнинг ўсимлик дунёсини сақлаб қолиш учун ўрнатилган ҳимоялаш тартибидир. Унга кўра, ўсимлик билан бирга кириб келадиган ва мамлакат экотизимига зарар етказиши мумкин бўлган микроорганизмларни аниқлаш ва хавфнинг олдини олиш учун маълум вақтгача чеклов жорий қилинади, яъни янги турдаги ўсимликлар назоратдаги дала майдонларида экилиб касалликлари бор-йўқлиги аниқланиб, тозаланиб кейин кенг майдонларга чиқарилади.

Шунингдек, аҳоли саломатлигига хавф туғдирмаслик учун тупроқ, ҳаво, сув ва табиат хавфсизлиги чораларини қўллаш амалиёти ҳам мавжуд. Одамлар саломатлигига зарар келтириши гумон қилинса, дарёлар, кўллар, бутун-бутун ҳудудлар иҳотага, яъни карантинга олинади.

Қисқача айтганда, муттасил ривожланиб ва ўз-ўзини ҳимоялаб турган табиат ҳам инсониятга вазият тақозо қилганида қандай тартибларга риоя қилиш зарурлигини таъкидлаб тургандай. Инсоният бундан тўғри намуна ола билиши лозим», – дейди Иброҳим Абдураҳмонов.

Мавзуга оид