Ўзбекистон | 13:37 / 25.10.2023
39793
2 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига янги раҳбар тайинланди

Бу Иброҳим Абдураҳмоновнинг учинчи вазирлик лавозимидир. У муқаддам инновация вазири бўлган, сўнгги йил давомида олий таълимга раҳбарлик қилиб келаётганди.

Фото: Kun.uz

Иброҳим Йўлчиевич Абдураҳмонов қишлоқ хўжалиги вазирлигининг янги раҳбарига айланди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Қарши шаҳрида президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан ўтаётган йиғилишда олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов қишлоқ хўжалиги вазири этиб тайинланиши ҳақида эълон қилинди», дейилади хабарда.

Иброҳим Абдураҳмонов 1975 йилда Наманган вилояти Чуст туманида туғилган. 1992-1997 йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)да таҳсил олган. 2001 йил АҚШдаги Техас қишлоқ хўжалиги ва механика университетини тамомлаган.

Фаолиятини 1997 йилдан Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтида бошлаган, 2002-2012 йилларда Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти илмий ходими, катта илмий ходими, лойиҳа раҳбари, Геном технологиялар маркази лабораторияси лойиҳа раҳбари лавозимларида ишлаган. 2012–2017 йилларда Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика маркази директори бўлган, 2017 йилда Фанлар академияси Кимё-биология фанлар йўналиши бўйича вице-президент в.б сифатида фаолият юритган.

2017 йил ноябрида янги ташкил этилган Инновацион ривожлантириш вазирлиги раҳбари этиб тайинланганди.

2022 йил декабрида президент фармони билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Инновацион ривожлантириш вазирлиги қўшиб юборилди ва Абдураҳмонов 2023 йил январидан буён янги вазирликка раҳбарлик қилиб келаётганди.

  • Бундан олдинроқ 2022 йил августидан буён қишлоқ хўжалиги вазирлигига раҳбарлик қилиб келган Азиз Воитов лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид