Ўзбекистон | 15:06 / 16.07.2020
54768
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирус туфайли вафот этаётганларнинг ўлимига асосан ортиқча вазн ва пневмония сабаб бўляптими? Мутахассис изоҳ берди

Коронавирус оқибатида вафот этган ўзбекистонликларнинг аксариятида ортиқча вазн бўлгани маълум қилинди. Бироқ Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков айнан шу нарса беморнинг ўлимига сабаб бўлган деган фикрга қўшилмаслигини айтди.

«Коронавирусдан вафот этганларнинг аксариятида ортиқча вазн, сурункали касалликлари борлиги рост. Ортиқча вазн нафақат коронавирус касаллигида, балки, бошқа кўплаб юқумли касалликларга чалинганда ҳам қўшимча муаммоларни келтириб чиқаради.

Чунки ортиқча вазнга эга беморларда ҳар қандай юқумли касалликларнинг кечиши оғир бўлади, вазннинг меъёридан кўплиги даволаш жараёнига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Лекин айнан ортиқча вазнга эгалик ўлимга сабаб бўлди деган фикрдан йироқмиз», дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Давлат бош санитария инспекторига кўра Ўзбекистонда қайд этилаётган коронавирусдан ўлим ҳолатларининг аксарияти пневмония, нафас олиш тизимидаги муаммолар билан боғлиқ.

«Пневмония касаллиги бу ўпканинг яллиғланиши бўлиб, унинг этиологик омиллари, яъни юзага келиш сабаблар жуда кўп. Бактериалар, вируслар, замбуруғлар ва бирон-бир токсик моддалар пневманияни келтириб чиқариши мумкин.

Лекин битта нарсани аниқ биламиз. Коронавирус касаллигининг аксарият ҳолларда учраётган энг жиддий асоратларидан бири бу ўпка яллиғланиши, яъни пневмония ҳисобланади. Бу нафақат ўчоқли пневмония, балки ўпкада жиддий муаммоларни юзага келиши баробарида  Ўзбекистонда қайд этилаётган коронавирусдан ўлим ҳолатларининг аксарияти айнан ушбу асорат, яъни нафас олиш тизимидаги муаммолар билан боғлиқ.

Пневмония айнан коронавирус билан чақирилганми ёки бошқа бир экологик омил билан чақирилганми, бундан қатъи назар унга жиддий муносабатда бўлиш керак. Қачонки нафас тизими издан чиқар экан, организмда тўқималарни кислород билан тўйинтириш, тўқималардаги карбонад ангидридни, заҳарли моддаларни организмдан чиқариб юбориш учун ўпка фаолияти ўта зарур ҳисобланади» дейди Нурмат Отабеков.

Мавзуга оид