Ўзбекистон | 14:00 / 20.07.2020
26852
3 дақиқада ўқилади

Уйида даволанаётган беморлар учун бепул дори-дармон тарқатиш тартиби ҳақида маълумот берилди

Ҳар бир оилавий поликлиникада махсус мобил гуруҳлар ташкил қилинган. Бу гуруҳлар беморнинг тиббий аҳволини аниқлаштириб, унга бепул дори-дармонлар тўпламини етказиб беради.

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков коронавирусга чалиниб уйида даволанаётган беморлар учун бепул дори воситалари қай тартибда берилиши ҳақида маълумот берди. Унинг қайд этишича, айни пайтда коронавирусга чалиниб, уйда даволанаётган беморлар учун тахминан 50 минг дори-дармонлар тўплами тайёрланган. Бу дорилар тўпламини барча поликлиникалар тарқатиши мумкин.

«Бунинг учун ҳар бир оилавий поликлиникада махсус мобил гуруҳлар ташкил қилинган. Бу гуруҳлар беморнинг тиббий аҳволини аниқлаштириб, унга бепул дори-дармонлар тўпламини етказиб беради.

Бугун-эрта бу тўпламлар барча ҳудудларга етказилади», деди Бош давлат санитария инспектори.

Аввалроқ Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Феруза Ҳамробоева « Covid-19 билан касалланган беморларни даволашда қўлланадиган дори воситалари тўплами» бўйича батафсил маълумот берганди.

Мазкур тўпламдан ўрин олган дорилардан бири гидроксихлорохин битта конвалютадан ташкил топган ва ҳар бир таблетка 200 мг.дан. Гидроксихлорохин дори воситаси кунига 2 маҳал битта таблеткадан овқат вақтида қабул қилинади. Дорини қабул қилиш давомийлиги 2 кундан 5 кунгача ҳисобланади.

Кейинги дори воситаси азитромицин саналади. Бу дори макролидлар гуруҳига киради. Макролидлар эса антибактериал воситаларга мансуб ва кучли таъсирга эга. Азитромицин овқатдан 1 соат олдин ёки овқатдан 2 соат кейин кунига бир маҳал 3-5 кун давомида қабул қилинади. Азитромициннинг битта таблеткаси дозаси 250 мг., бу болалар учун тавсия этилган доза ҳисобланади. Шунинг учун катта ёшдагилар азитромицинни 2та таблеткадан қабул қилади.

Тўпламдаги кейинги дори – парацетамол. Уни фақатгина иситма тушириш учун эмас, балки оғриқ қолдириш учун ҳам истеъмол қилиш мумкин. Коронавирус беморлари учун эса парацетамол тана ҳарорати кўтарилганида кунига бир маҳал тўқ қоринга ичиш тавсия қилинади. Агар дори тўқ қоринга ичилмаса, ошқозон шиллиқ қаватига салбий таъсир қилиши мумкин.

Бундан ташқари, уйда даволанаётган беморларга кукун шаклидаги С витамини – аскорбинка ҳам берилади. Бу витамин организмнинг касалликка қарши курашувчанлигини оширади. Витаминни сувда эритиб, кунига бир неча марта ичиш мумкин. 

Мавзуга оид