Ўзбекистон | 16:18 / 24.07.2020
8091
4 дақиқада ўқилади

«Карантин – пауза қилиш учун имконият». Изоляция даврида стрессдан ҳимояланиш бўйича психолог тавсиялари

Узоқ давом этаётган карантин, иш ва ўқиш режимининг ўзгариши, ноодатий кун тарзи, иш жойи ёки даромад манбайининг йўқотилиши оқибатидаги молиявий қийинчиликлар кишиларда стресс ва тушкунлик кайфиятини келтириб чиқариши мумкин. Бу эса коронавирусдан ҳимояланишда иммунитет мустаҳкамлиги муҳим бўлган ҳозирги пайтда саломатликни жиддий хавф остида қолдиради.

Фото: Pixabay

Психология фанлари номзоди, доцент Наргиза Халилова стрессдан ҳимояланишда асқатадиган тавсиялар билан бўлишди.

Стресс – тананинг ёқимсиз ва салбий ҳодисаларга қарши реакцияси. Ҳозирги карантин даврида келажакнинг ноаниқлиги, вирус юқтириб олиш ваҳимаси, молиявий қийинчиликлар, одатдаги турмуш тарзининг кескин ўзгариши, ҳордиқ чиқариш имкониятининг қисқариши, доимий равишда уй ичида бўлиш мажбурияти, яқинлар билан жонли мулоқотнинг чекланиши кабилар давомий стрессга сабаб бўлади. Бундай шароитда нима қилиш керак?

Ҳаракатларингизга боғлиқ ва боғлиқ бўлмаган стресс сабабларини аниқлаштиринг

Вазиятни ҳеч қачон тўлиқ назорат қила олмайсиз. Шунинг учун ҳам имкониятингиз доирасида ҳаракатланинг. Сиз коронавирусни жиловлай олмаслигингиз мумкин, лекин керакли ҳимоя чораларини кўришга қурбингиз етади.

Биринчи навбатда шифокорлар тавсияларига амал қилиш керак – қўлингизни тез-тез ювинг, антисептиклардан фойдаланинг ва одамлар билан алоқа қилмасликка ҳаракат қилинг. Касалланишнинг биринчи белгисида нима қилиш кераклиги ҳақида маълумотни кўриб чиқинг. Қўлингиздан келганини қилаётганингизни билиш ва англаб етиш сизга хотиржамлик ҳиссини беради.

Бугунги кун билан яшанг

Келажак ҳақида мулоҳаза юритмасликка, бошқаларнинг келажакда нима бўлишига оид тахминларига ишонмасликка, пул тугаб қолди, деб ўйламасликка ҳаракат қилинг. Буларнинг барчаси неврозларга ва доимий стрессга олиб келади.

Безовталикни ҳис қилсангиз, ушбу машқни бажаринг: атрофингиздаги рангларга, ҳидларга, таъмларга эътибор беринг, ҳар бир ҳаракат тафсилотларини кўриб чиқинг. Психологларнинг таъкидлашича, бу ҳис-туйғуларни бошқаришга ёрдам беради.

Кунингизни режалаштиринг

Кундалик тартиб карантиндан аввалги даврдагидек бўлиши мақсадга мувофиқ. Масофавий ишлаётган бўлсангиз, аввалгидек бир хил вақтда туринг. Спортзалга қатнаб юрган бўлсангиз, уйда шу жисмоний машқларни бажариш учун шароит яратинг. Уй ташқарисидаги одатий ўйин-кулгиларни севимли машғулотингиз билан алмаштиринг.

Маълумотларни саралаб чиқинг

Пандемия ва бошқа мавзулардаги янгиликларни олиш учун фақат ишончли манбалардан фойдаланинг. Ижтимоий тармоқларда одамлар ёзадиган ҳамма нарсага ишонманг. Янгиликларни кунда бир маҳал текширинг. Ҳар дақиқада келган хабарни қараб чиқиш руҳан толиқтиради.

Ҳисларингиз ҳақида гапиринг

Ўз қўрқувларингизни яқинларингиз билан баҳам кўринг, ҳамма ташвишларни ўзингизда сақлаб юрманг. Хавотирдан холи бўлиш ўзингизни ривожлантириш, янги нарсаларни ўрганиш имконини беради. Бошқача айтганда, карантиндан фойда кўринг. Карантин бу – пауза қилиш, ҳаёт ва келажак режалари ҳақида ўйлаш учун имконият эканини ёдда сақлаш керак.

Ухланг ва тўғри овқатланинг

Соғлом уйқу ҳақида унутманг. Бир хил вақтда ётинг ва туринг. Камида 7 соат ухланг. Тўғри овқатланишга ҳаракат қилинг ва ўзингиз овқат пиширинг. Овқатланиш тартибини унутманг. Организм вақтида керакли озуқани олмаса ҳам стрессга туша бошлайди.

Тартибсиз овқатланиш эса кейинчалик ортиқча вазн муаммосига ва стрессга сабаб бўлади. Шу ўринда спиртли ичимликлардан тийилиш лозим. Алкогол бўшашишга ёрдам бериши асоссиз. У берадиган енгиллик иллюзия холос.

Ақлий фаолият билан шуғулланинг

Мия қанчалик яхши ишласа, стрессга берилиш эҳтимоли шунчалик пасаяди ёки нисбатан осонроқ кечади. Ҳар куни хотира, диққат ва бошқа билиш қобилиятларини ривожлантиришга қаратилган машғулотлар билан шуғулланишга ҳаракат қилинг. Шунингдек, психо-эмоционал ҳолатни яхшилашга ёрдам берадиган онлайн курслар ва машғулотлар билан банд бўлиш ҳам фойдага хизмат қилади.

Мавзуга оид