Жаҳон | 10:47 / 25.07.2020
23041
2 дақиқада ўқилади

АҚШ коронавирусга қарши дорининг деярли барча захираларини сотиб олди

АҚШ коронавирус юқтириб олган беморларни даволаш учун ишлатилаётган ремдесивир дори воситасининг дунёдаги 90 фоиз захираларини сотиб олди. Бу ҳақда президент Дональд Трамп баёнот берди.

Фото: Reuters

Давлат раҳбари сўзларига кўра, дори воситаси ажойиб таъсирга эга, шу туфайли президент маъмурияти унинг захиралари устидан назоратни таъминлади. 

ОАВ хабарларига қараганда, АҚШ ремдесивирнинг 3 ойлик захирасини шакллантирган. Натижада, бошқа мамлакатлар яқин вақт ичида бу дорини етарли даражада сотиб ололмайди.

Ремдесивир кўплаб мамлакатларда, жумладан АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Исроил, Буюк Британияда коронавирус юқтириб олган беморларни даволашда расман маъқулланган. Дори дастлаб гепатит С ва бошқа касалликларни даволаш учун мўлжалланган эди.

Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош илмий ходими Сумия Сваминатан коронавирусга қарши ягона умидли дори воситаси сифатида ремдесивирни айтган эди. Унинг сўзларига кўра, бу дори беморларни шифохонага ётқизиш ҳолатларини камайтиради.

Май ойида АҚШ Аллергия ва юқумли касалликлар миллий институти олимлари ремдесивир дориси коронавирус юқтириб олган беморларнинг соғайишини тезлаштираётганини исботлашди.

Клиник синовларда 1063 нафар бемор иштирок этди. Томирига ремдесивир юборилган беморлар тезроқ соғайиб кетишди. Ўлим ҳолатлари ҳам анча камайиб, синов гуруҳида 7,1 фоизни ташкил қилди.

Мавзуга оид