Хитойлик дипломатлар Хьюстондаги консулхонани тарк этди
Хитой ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг Чэнду шаҳридаги бош консулхонасини ёпиш тўғрисида қарор чиқарди.
Хитойнинг Хьюстондаги (Техас штати) бош консулхонаси ходимлари АҚШ ҳукуматининг уни ёпиш ҳақидаги талабидан сўнг бинони тарк этди. Бу ҳақда Associated Press (АP) агентлиги хабар берди.
Агентликнинг маълумот беришича, хитойлик дипломатларнинг автомобиллари консулхона ҳудудидан чиқиб кетиши билан АҚШ федерал хизмати ходимлари бинога киришган.
Вашингтон сешанба куни Пекиндан Хьюстондаги бош консулхонани 72 соат ичида ёпишни талаб қилганди.
АҚШ давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Морган Ортэгуснинг маълум қилишича, Хитойнинг Хьюстондаги консуллиги "Америка интеллектуал мулки ва америкаликларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш мақсадида" ёпилган.
Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакили Ван Вэньбиннинг сўзларига кўра, бу икки мамлакат муносабатларидаги "мисли кўрилмаган таранглик"дир. У шунингдек, Пекин Американинг бу ҳаракатига жавоб қайтаришини айтди.
Жума куни Хитой ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг Чэнду шаҳридаги бош консулхонасини ёпиш тўғрисидаги қарорини эълон қилди.