Жаҳон | 08:32 / 29.07.2020
6414
2 дақиқада ўқилади

Яман ҳукумати ва айирмачилар янги ҳукумат ташкил этишга келишиб олди

Яман марказий ҳукумати ва Жанубий ўтиш кенгаши айирмачилари янги ҳукумат ташкил этишга келишиб олди. Ҳукумат ва ўтиш кенгаши шу тариқа Ямандаги ихтилофни тартибга солиш бўйича Саудия Арабистони билдирган ташаббусни қўллаб-қувватлаган.

Фото: Anadolu Agency

Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлиги вакилининг Twitter’да маълум қилишича, Саудия Арабистони таклиф қилган режа 22 июнда бошланган ўт очиш режимини тўхтатишни давом эттириш, ўтиш кенгашининг Яман жанубида мухторият эълон қилиш ҳамда Адан вилояти губернатори ва хавфсизлик бўйича бошлиғини тайинлашдан воз кечишини, Яман бош вазирига янги ҳукуматни 30 кун ичида шакллантириш ваколатини беришни ўз ичига олади. Шунингдек, айримачилар Аданни тарк этишлари керак бўлади.    

Ўтиш кенгаши сайтида маълум қилинишича, айирмачилар режа бандларидан бирини бажариб, апрелда мамлакат жанубида киритган ўзини ўзи бошқариш режимидан воз кечишди.

Яманнинг Жанубий ўтиш кенгаши 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, кенгаш ва Яманнинг тан олинган ҳукумати маълум муддат давомида ҳусийларга қарши биргаликда кураш олиб борган. Бироқ кейинроқ улар орасида ихтилоф юзага келган. 2019 йилда айирмачилар ҳукумат мамлакатнинг вақтинчалик пойтахти қилиб белгилаган Адан шаҳрини босиб олган ва ҳукумат тарафдорларини ҳокимиятни топширишга мажбур қилган, 2020 йил апрелда эса мамлакатнинг барча жанубий вилоятларида мухторият эълон қилган.

Мавзуга оид