Ўзбекистон | 20:00 / 31.07.2020
134934
3 дақиқада ўқилади

Муса Ерниязов вафот этди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов коронавирусга чалиниш оқибатида 73 ёшида вафот этди.

ЎзА сайтида бугун Нукусда таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари Ерниязов Муса Тажетдинович 73 ёшида вафот этгани ҳақида расман хабар берилди.​​ Бу маълумот аввалроқ Kun.uz манбалари томонидан тасдиқланганди.

Муса Ерниязов коронавирусга чалингани ҳақида июль ойи бошида хабар тарқалганди. 18 июль куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги у Нукус шаҳрида коронавирусдан даволанаётганини тасдиқлади.

25 июль куни ижтимоий тармоқларда Муса Ерниязовнинг вафоти ҳақида хабарлар тарқалган, аммо ССВ бу маълумотни рад этганди.

30 июль куни Коронавирусга қарши курашиш штаби Ерниязовнинг аҳволи оғирлиги, у ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратига улангани ҳақида маълум қилганди.

Муса Ерниязов 1947 йил 20 декабрда Кегейли туманида туғилган. 1971 йили Тошкент қишлоқ хўжалигини ирригациялаш ва механизациялаш муҳандислари институти, 1986 йили Тошкент олий партия мактабларини битирган. 2019 йил «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

1983–1989 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси уй-жой коммунал хўжалиги вазири, 1989–1990 йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг доимий вакили сифатида фаолият кўрсатган.

2000–2001 йилларда Чимбой тумани ҳокими, 2001–2002 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг индустрияни ривожлантириш, қурилиш ва коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари бўлган.

2002 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг раиси – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари эди.

Қорақалпоғистон Республикасининг конституцияси 80-моддасига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг раиси Қорақалпоғистон Республикаси раҳбари ва энг юқори лавозимли шахсидир.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Жўқорғи Кенгес томонидан Ўзбекистон Республикаси президенти розилиги билан Жўқорғи Кенгес депутатлари орасидан яширин овоз бериш йўли билан Жўқорғи Кенгесининг ваколати муддатига сайланади.

Мазкур конституциянинг 83-моддаси, 2-қисмига кўра Жўқорғи Кенгес раиси шахсий аризаси, шунингдек бетоблиги сабабли ўз вазифасини бажара олмаслиги Жўқорғи Кенгес тузган тиббий комиссияси хулосаси билан тасдиқланган тақдирда, ўз ваколатини тўхтатиши мумкин. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг ваколатини тўхтатиш ҳақидаги қарор Жўқорғи Кенгес депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Бу ҳолда ўн кун муддат ичида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси янги раисининг сайлови ўтказилади.

Мавзуга оид