Light | 14:13 / 31.07.2020
29864
9 дақиқада ўқилади

Пандемия даврида тўғри овқатланиш — парҳезшунос шифокор тавсиялари

Kun.uz сайтида етакчи шифокорлар билан суҳбатлар мунтазам ташкил этилмоқда. Мақсад – пандемия даврида билиб-билмай турли даво усулларини қўллаб вазиятни оғирлаштирмаслик, шифокор тавсиялари асосида даволаниш, хасталикка чалинмаслик, чалинган тақдирда уни енгиш йўлларини воқиф этиш.

Навбатдаги меҳмонимиз – олий тоифали врач кардиолог, нутрициолог, тиббиёт фанлари номзоди Гулбаҳор Эшонхўжаева.

– Гулбаҳор Раҳматуллаевна, афсуски муҳим соҳа бўлса-да, нутрициология фани нималигини кўпчилик билмайди. Аввало шу ҳақда озгина тушунтириш бериб кетсангиз.

– Кўп йиллар кардиология-реабилитация соҳасида ишлаган бўлсам-да, юрак-қон томир касалликларини, қандли диабет ривожланишининг асосий сабабчиси бўлган, XXI асрнинг инфекцион бўлмаган пандемияси – ортиқча вазн, семизлик муаммоларини даволашда овқатланиш муҳим экани сабабли, нутрицологияни чуқурроқ ўрганишга тўғри келди.

Нутрициология (юнонча «озуқа илми») – бу овқатланишнинг турли жиҳатлари ҳақидаги фан бўлиб, инсонни овқат танлаш сабабларини ўрганишдан тортиб, овқатнинг таркиби, овқатланиш жараёни, ҳужайра ичидаги озиқланиш механизмлари, ҳар хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг ўзаро ва организм саломатлигига таъсирини ўрганади.

Рационал овқатланиш – даволашнинг мустақил омили бўлиб, даволаниш натижаларини, қисқа ва узоқ муддатли прогнозни яхшилайди ва асоратларни камайтиради.

COVID-19'га чалинган хасталарнинг овқатланиши бўйича тузилган халқаро амалий қўлланмада ҳам етарли миқдорда оқсил қабул қилишга катта аҳамият берилади. Кунига камида 70-120 г оқсил истеъмол қилиш кераклиги таъкидланади.

Сут, қатиқ, творог, пишлоқ, ўсимликлардан қўзиқорин, нўхат, ловия, мош, бодом каби маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиш керак. Айниқса, тухум ва гўшт, туёқ, парранда, балиқ маҳсулотларида тана учун керакли бўлган барча аминокислоталар мавжуд ва улар тўлиқ ўзлаштирилади.

Ширинлик ва пишириқларни, хамирли, углеводга бой таомларни камроқ истеъмол қилиш маъқул кўрилади.

Коронавирус инфекциясида пневмония ривожланиши натижасида диафрагманинг пастга тушиши қориннинг шишишига олиб келади, шунинг учун беморларга оз миқдорда, лекин тез-тез овқатланиш тавсия этилади.

Касалликдан тикланишда, кўп ҳолларда, овқат таъмини билмаслик, иштаҳа йўқлиги кузатилади. Шундай пайтда халқ табобатида қўлланилган бодом аталаси тикланишга жуда яхши ёрдам беради. Енгил оқсил манбайи бўлган шифобахш ва енгил ҳазм бўладиган бу таомни эрталабки нонуштага тавсия этаман.

Енгил ҳазм бўлувчи овқатлардан товуқ гўштли, мол гўштли қайнатма шўрвалар, қиймали мастава ичишни маслаҳат бераман.

Шунингдек, етарлича суюқлик ичишни ҳам унутманг. Морс, калий манбайи бўлган туршак ва бошқа мевалар дамламаси, нордон, иштаҳани очувчи компотлар, наъматак дамламасини ичишни канда қилманг.

Ҳозирги пандемия кунларида ёғсиз овқатли парҳез, сигарета чекиш кабилар ўпкага зарар етказади. Агар ўпкангизни кучайтирмоқчи бўлсангиз, ҳар куни 20 г сариёғ ёки икки қошиқ қаймоқ ёки бир бўлак думбаёғ истеъмол қилинг.

– Бугунги кундаги кўп муҳокамалар мавзуси бу шубҳасиз COVID-19'га чалинганларни қандай даволаш ва иммунитетни ошириш бўлмоқда. Бу бўйича қандай осон ва фойдали тавсияларни бера оласиз?

Иммунитетни кучайтириш учун, аввало, ичак фаолиятини ва унинг микробиотасини тиклашимиз керак, чунки иммун ҳужайралари ва иммуноглобулинларни 80 фоиз ичакларда ва ичаклардаги микроблар ёрдамида ҳосил бўлади.

COVID-19 касаллигида кўп ҳолатларда антибиотиклар қўллаш, ичак микрофлорасига салбий таьсир кўрсатади ва уни тиклаш жараёни олти ойгача давом этади. Дорилар таъсири остида ичакдаги фойдали бактерия турлари бутунлай йўқ бўлиб кетиши ва биринчи навбатда, чидамли бўлган патоген бактериялар тикланиши маълум бўлди.

Шунинг учун, фойдали бактерияларни тиклаш, тайёр пробиотиклар ва метабиотиклардан фойдаланиш коронавирус касаллигини бошидан кечирган беморлар учун албатта керак.

Ичакни фойдали бактериялар билан тўлдириш учун, ферментланган анъанавий ачитқи билан тайёрланган қатиқ, кефир, қимиз – фойдали бактерияларга бой бўлган ичимликларни ичиш зарур. Ўсимликлардан – артишок, пиёз ҳам пробиотикларга бой ҳисобланади

Фойдали бактерияларга – прибиотик-озуқа бўлган помидор, сабзи, олма, саримсоқ, малина, смородина, яшил ўтлар – шивит, сельдерей, петрушка, кашничларни истеъмол қилиш керак.

Иммун тизимининг чидамли бўлишида цинк – рухнинг роли катта. Цинкка бой маҳсулотлар – гўшт, жигар, тухум, ошқовоқ уруғи, бодом, балиқ маҳсулотлари, тухум, сариёғ таркибидаги Д витамини иммунитетга таъсир қилади ва танадаги яллиғланишни камайтиради.

Бизнинг иммунитетимиз селенсиз ишламайди. Селеннинг катта миқдори пиёз ва саримсоқ таркибида бўлади. Касаллик пайтида кўп сарф қилинган калий, магний захирасини тўлдириш ҳам муҳимдир.

Асални асалари мумкатаги (уйи) билан истеъмол қилинг, чайнанг, ундан қатор қимматли моддаларни оласиз. Ўсимлик мойларидан – чаканда, канакунжут мойи (касторовое масло), қора кунжут (тмин) ёғларини қўллаш ҳам фойдали.

– Коронавирусга чалинганлар ўлими тўғрисидаги хабарларда «юрак етишмовчилиги» жумласи кўп учраяпти. Бу вируснинг юракка бевосита қандай таъсири бор?

– Коронавирус касаллиги ҳамма органлар, айниқса нафас йўллари, юрак, буйрак, мия ва томирларнинг шикастланиши, уларни торайиши ва тромблар ривожланиши билан кечадиган жараён ҳисобланади.

Хитой ва европалик олимларнинг тадқиқотларидан олинган маълумотларга кўра, беморларнинг 12-30 фоизда коронавирус касаллиги юрак мушакларининг яллиғланиши – миокардит билан кечади. Юрак аритмияси касалхонага ётқизилган беморлар орасида 5 фоиз – 30 фоиз ҳолларда учрайди.

Сурункали коронар артеросклероз касаллигида инфекция атеросклеротик тиқинларни (бляшка) беқарорлаштириши ва ёриб юбориши, бу эса ўз навбатида миокард инфарктига олиб келиши мумкин. Ундан ташқари, қон ивиши юқорилиги, томирда тромбозлар ривожланиши – атероген бўлмаган миокард инфарктига олиб келиши эҳтимоли катта.

Касалликда гипоксияни енгиш учун юрак-томир тизимига бўлган ошиқча талаб ва зўриқиш, юрак-томир касалликлари, юрак етишмовчилиги бўлган беморлар ҳолатини оғирлаштиради.

Шунинг учун юрак-қон томир хасталиклари COVID-19 касаллигининг оғир кечиши хавф омили ҳисобланади ва бу беморларга алоҳида эътибор берилади.

– COVID-19'дан соғайганларнинг жисмоний фаоллиги тезроқ тикланиши учун қандай тавсиялар берган бўлардингиз?

– Кардиология соҳасида реабилитация бўйича кўп йиллик тажрибам бор. Коронавирус инфекциясининг енгил ўтказган беморларда – чарчоқ ва жисмоний ҳолсизлик давом этади ва соғайишлари билан соғлом ҳолатлари тиклана бошлайди.

Аммо узоқ муддат касалхонада даволанганлар, касалликни оғир кечирганлар учун тўлиқ тикланиш муддати бир йил ёки ундан кўпроқ вақтни талаб қилиши мумкин, деб тахмин қилинади.

COVID-19 хасталигини тикланиш даврида: қуруқ йўтал, мушаклар оғриғи (миалгия) ва уларнинг кучсизлиги (миастения), астения белгилари: умумий ҳолсизлик, чарчоқ, иштаҳанинг йўқлиги, асаблар таранглиги, уйқусизлик, жисмоний чидамлиликни пасайиши каби ҳолатлар учраши мумкин.

Кўп ҳолатларди ҳансираш кузатилади. Агар жисмоний фаол ёшларда, ҳансираш тез юрганда, зинапояга чиқишда, жисмоний фаолликда пайдо бўлса, кам ҳаракатли, ёши улуғ беморларда – минимал ҳаракат пайтида, тинч ҳолатда ҳам кузатилиши мумкин.

Касаллик асоратларини енгиш ва тўла тикланиш беморнинг ўзига ҳам боғлиқ.

Аввало, ўз тана ҳолатини назорат қилишни ўрганиш керак. Нафас олиш тезлиги, юрак уриш тезлиги, тонометр ёрдамида артериал босим, термометр ёрдамида тана ҳарорати, пульсоксиметр бўлса, у ёрдамида – кислород билан тўйинганликни текшириб туринг.

Ўпкангизнинг ҳолатини овозли тест ердамида текширишингиз мумкин – тинч узайтирилган нафас чиқаришда сонларни сананг (нормада 30гача саналади) – даволаниш сари кўрсаткичларингиз ўсиб боради.

Ўзингиз учун саломатлик кундалиги тутинг, аниқлаган кўрсаткичларингизни, ҳар куни машқдан олдин ва машқдан кейин ёзиб боринг.

Машқ қилганингизда ҳолатингизга эътибор беринг, ҳансираш, кислород билан тўйинганлик 94 фоиздан пасайиши, қон босими 90/60 паст ёки 140/90 кўтарилиши, юрак уриши 100дан ошиши, ҳарорат 37,2 дан ошиши, ортиқча ҳолсизлик, кўкрак қафасда оғриқ, кучли йўтал, кўз тиниши, бош айланиши, юрак уриши, мувозанатни йўқотиш каби белгилардан бирортаси пайдо бўлса, машқларни тўхтатинг, шифокорингизга билдиринг.

Оғир кечган пневмониядан сўнг ўпка фибрози чандиғи ривожланишининг олдини олиш ва нафас олиш мушакларини кучини тиклаш учун нафас олиш машқларини мунтазам қилиб, тўғри нафас олишни ўрганиш, машқлар орқали ўпкани кенгайтирадиган нафас мушакларнинг кучайтириш керак.

Бундай машқларни мунтазам бажариш ўпкани мустаҳкамлаб, уни янада самарали ишлашига ёрдам беради. Даволаниш мобайнидаги жисмоний фаоллик – ҳаётимиз тарзи ва кундалик эҳтиёжга айланишига умид қиламан.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид