Жамият | 21:47 / 04.10.2023
15353
2 дақиқада ўқилади

Куз фаслида тўғри таомланиш бўйича тавсиялар берилди 

Бу даврда микроэлементларга бой маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиш фойдали. 

Фото: Getty Images

Куз фаслида ҳарорат пасайиши, ёмғирли кунлар кўпайиши ҳисобига одамлар қуёш нуридан камроқ баҳраманд бўлади. Оқибатда иммунитет тизими заифлашиб, мавсумий касалликлар авж олиши кузатилади. Бундай шароитда қандай таомланиш мақсадга мувофиқ? 

Тажрибали диетолог Евгения Белюга бу борада ўз тавсияларини маълум қилди. Унинг фикрича, мазкур даврда микроэлементларга бой маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиш фойдали. 

Масалан, помидор ва бодринг ўрнига C, А витамини, фолий кислотаси ҳамда калийга бой қовоқ тановвул қилиш мумкин. B витамини, A вa E дармондорилари, темир, магний ва цинкни ўз ичига олган қовоқча (кабачки) паст калориялилиги билан афзал саналади. 

Таомномани мавсумий маҳсулотлар билан уйғунлаштириш мақсадга мувофиқ. Масалан, пюре-шўрвалар куз учун мақбул таом. Сабзавотли шўрва витаминларга бой. Ёғсизроқ товуқ шўрваси ҳам ортиқча вазндан халос бўлишни истаганлар учун мос. 

«Ичимликлар орасида чой ва қаҳвадек фойдали муқобил маҳсулот йўқ. Хусусан, чой совуқ ҳавода иммунитет тизимини қўллаб-қувватлайдиган дармондорилар, полифеноллар, антиоксидантларни ўз ичига олади. Лимон, атиргул қўшиб тайёрланган дамлама таркибидаги С витамини иммунитет тизимини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Аммо шакар истеъмолини камайтириш яхшироқ», деди мутахассис. 

Чиндан ҳам, шакар — юқори калорияли маҳсулот. Уни ортиқча истеъмол қилиш семиришга олиб келади. Бу эса метаболизм секинлашиши, ҳужайраларнинг инсулинга сезувчанлиги пасайиши ва пировардида 2-тоифа диабет келиб чиқишига сабаб бўлади. 

Шакарни кўп миқдорда истеъмол қилиш иммун тизими фаолиятини издан чиқади. Оқибатда организм мавсумий касалликлар пайтида вирусларга қарши курашишда заифлашиб қолиши мумкин.

Мавзуга оид