Ўзбекистон | 19:55 / 02.08.2020
81321
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекнинг «шум бола»си — Абдурайим Абдуваҳобов яқинлари хотирасида

14 июль куни ўзбек халқининг катта-ю кичигига қадрли бўлган актёр Абдурайим Абдуваҳобов ўпка раки туфайли 57 ёшида оламдан ўтди.

Абдурайим Абдуваҳобов – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, «Дўстлик» ордени соҳиби, кино ва театр актёри. У фаолияти давомида «Шум бола» фильмидаги Қоравой, «Суюнчи»даги Абдулла, «Чимилдиқ» спектаклидаги куёв образлари ҳамда бошқа бир қатор роллари билан ўзбек кино ва театр санъатида ўчмас из қолдирди.

Раҳматли актёрни фарзандлари, ҳамкасблари илиқ хотиралар билан эслашади.

Рихси Иброҳимова, Ўзбекистон халқ артисти:

– Абдурайим ҳали санъатнинг алифбосини ҳам билмайдиган пайтида – 12-13 ёшлигидаёқ «Шум бола»даги роли билан ўзига ҳайкал қўйган. Фильм режиссёри Дамир Салимов уни «топилма, ҳаётимни безаб турган бола» деб кўп гапирарди. Менга «Рихси опа, фильмда она иштирок этадиган саҳналарни кўпайтирмоқчиман. Шум бола туш кўрганда, хаёл сурганда онасининг ҳозирги яхши кунларда яшашини ўйлайди», деб айтарди. Ғафур Ғулом ўз замонасининг ижтимоий ҳаётини шунақа тасвирлаганки, ортиқча нарсаларни қўшиш мумкин эмас эди. Аммо ҳозир шум боланинг Тошкент ситида қад ростлаган ҳайкали ортида эски шаҳар манзаралари, ўзи эса янги шаҳарга хайрат билан тикилиб турибди.

Рихси Иброҳимова, Ўзбекистон халқ артисти

Бадиий кенгашларда бирон муҳокама бўлса, ҳамманинг гапи бир томон бўларди-ю, Абдурайим ўйлаб туриб, бир-икки оғиз гап билан тўғри йўлни топа оларди.

Миллий академик драма театрининг салмоғини, нуфузини елкасида мардона кўтариб юрганлардан бири Абдурайим эди. Театрда кичик ё катта рол ўйнашидан қатъи назар, санъатини ерга уришни истамасди. «Шум бола»да эришган шон-шуҳратига хиёнат қилмаслик учун астойдил хизмат қилди.

Турғун Азизов, Ўзбекистон халқ артисти:

– Санъат институти ректори мени ёшларга дарс бериш учун таклиф қилдилар. Имтиҳонга келганларни саралаб турсак, тўладан келган, келишган йигит кўзимга иссиқ кўринди. Қарасам, ўзимизнинг шум бола. Бизни нима билан хурсанд қиласиз, имтиҳонга нима тайёрлаб келдингиз – шеърми, монологми, этюдми десам, жим, умуман индамайди. Ҳазиллашиб: «Шум болани ижро этганман, театр институтига борсам, домлалар елкасига миндириб олиб киради», деб ўйладингизми, тайёрланмабсиз-ку», десам, яна жим.

Турғун Азизов, Ўзбекистон халқ артисти

Ректорнинг олдига кириб, шум боламиз ҳеч нарса тайёрламай келибди, лекин курсга қабул қилиш ниятим бор, десам: «Ўтказаверинг, йил давомида ўқитасиз, кейин имтиҳонга қўясиз, тасдиқлатиб, иккинчи курсга ўтказамиз», дедилар.

Абдурайим қисқа вақт ичида курсимизнинг гули бўлиб қолди. Юқори курслардаги болалар ҳам, педагоглар ҳам унга мухлис бўлиб қолди. Театр институтининг бутун қалбини ўзига ром қилиб қўйди.

Абдурайимни инсон сифатида, санъаткор сифатида, шогирдим сифатида бошимга кўтариб юраман. У пок инсон эди. Эл ҳурматига сазовор бўлган, элнинг хизматида бўлган шахс у.

Фатҳулла Маъсудов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

– Уч йилча аввал белида «грижа» пайдо бўлибди деб эшитдим. Шифокорларга, табибларга қатнаб юрди. Белда қаттиқ оғриқ пайдо бўлган. Лекин у фақат «грижа» эмас экан. Борган сари оёқ ташлаши ўзгариб қолди, чўлоқланиб юрадиган бўлиб қолди. Юра олмай қолдим, ўрнимдан тура олмай қолдим, деб айтди. 2-3 йил аввал ўпкасида саратон бошланган, 2 ойча аввал бу маълум бўлган экан. Саратон ўпкадан бел, бўйин, оёқларга ҳам тарқаган...

Фатҳулла Маъсудов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист

...Съемкага кетишимдан аввал олдига кириб, хабар олдим. Анча суҳбатлашиб ўтирдик. Кетишимдан аввал хайрлашдик, қучоқлашдик. Пешонамизни пешонамизга қўйиб турдик – кўзимга тикилди, юзида ёқимли жилмайиш турарди. Қўлимни қисиб қўйди. Сўз йўқ. Охирги кўришганим шу бўлди. Кейин билдимки, шунда Абдурайим Абдуваҳобов мендан розилик сўраган экан.

Абдурайим Абдуваҳобов Ўзбек миллий академик драма театрида 30 йилдан ошиқ меҳнат қилди. Унинг иштирокидаги «Чимилдиқ» спектакли чиққанда зал томошабинга лиқ тўлар, жой етмаганидан стул қўйишарди.

У ҳеч қачон бировга ёмонлик қилмаган, сахий, қўли очиқ инсон эди.

Абдужаббор Абдуваҳобов, марҳумнинг фарзанди:

– Дадам саҳнада комедия ролларни ўйнаганлари билан, ҳаётда жиддий инсон эдилар. Ҳамма ёшлигида қайсидир актёр ёки суперқаҳрамонга ўхшашни орзу қилса, мен дадамга ўхшагим келарди. Оилада уч фарзандмиз – ҳаммамизга эътиборли эдилар, бир-биримиздан шу кунгача кам қилмаганлар.

Абдурайим Абдуваҳобовнинг фарзандлари

Дадам бир сўзли инсон эдилар, шу сифатларини ҳамма ҳурмат қиларди. Ҳаммага бир хил муомала қилардилар, ранжитиб қўйишдан қўрқардилар.

Балки ўтишларини билгандирлар... 10 ой ичида ҳамма фарзандларининг тўйини қилиб, бир йилда уч неварали бўлдилар. Нимадандир қўрқаётган, шошилаётгандек бўлдилар.

Армонлари ҳақида ҳеч гаплашмаганмиз. Шифохонада бирга ётганимизда шаҳарнинг баҳаво жойидан ер олиб, катта участка қурамиз – бир томонда сен, бир томонда аканг, ўртада мен онанг билан яшаймиз деб яхши ният қилгандилар...

Касбларини жуда яхши кўрардилар. Ҳар дуо қилганларида «касб-коримиздан бергин, худойим» деб ният қилардилар. Шунинг учун бу ролим бундай, у ролим бундай деб ҳеч гапирмаганлар.

Бу инсоннинг ўғли бўлиш қийин. Чунки мен ҳарчанд ҳаракат қилсам ҳам, у кишидек бўла олмайман...

Самандар Ҳамроқулов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

– Курс раҳбаримиз Олимжон Саидов академик театрда Амир Темур спектаклини саҳналаштирганларида биз талабалар «массовка»да саркарданинг аскарлари ролини ўйнаганмиз. Абдурайим ака билан ўшанда танишганман. «Рустам ака Ҳамроқуловнинг ўғлимисан, даданг ажойиб инсон эди, биз аскияларини кўп саҳналаштирардик», деб айтганлар.

Мен бу инсоннинг оддийлигига, камтарлиги ва ҳазил-мутойибага кўнгли чоғлигига, юраги кенглигига тан берганман. «Ака, сиз бекорга озмайсиз-да, кўнглингиз кенг сизни», десам, «Дўмбиллаб юраверайлик, укам», деб хурсанд бўлардилар.

Самандар Ҳамроқулов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист

Вақти келиб бу инсон билан бир саҳнада рол ўйнаш насиб қилди. «Муҳаббат синовлари» фильмига Рустам Саъдиев таклиф қилганларида ота ролида Абдурайим Абдуваҳобов ўйнашларини билиб, бошим осмонга етган.

Сценарийда йўқ ғояларни айтганлар. «Мен отасиман, ота ижарага машина ҳайдаб, қобил фарзанд бўлиб топганини ўғлига сарфлаяпти, ўғли ҳам шунга яраша жавоб қайтарсин, бу томошабин учун яхши дарс бўлади», деганлари учун ўғли машина совға қиладиган саҳнани қўшганмиз. Ўша саҳнада ролга киришиб кетиб, ҳақиқатан йиғлаганлари, фильмга киришиб кетганини кўриб ҳайратга тушганман.

Абдурайим Абдуваҳобов ўзининг маданияти билан инсонни тарбия қила олади, ҳар қанча андоза олса бўлади. Бу инсон битмас-туганмас бойлик эди. Устоз санъаткорларнинг айтган гапларини, драматик актёр қандай бўлиши кераклигини Абдурайим ака орқали ўрганардик.

Инсон аввало қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар инсонийлик фазилатларини йўқотмаслиги кераклигини таъкидлардилар.

Саодат Абдураҳмонова, Kun.uz мухбири

Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид