Спорт | 20:07 / 06.08.2020
3302
2 дақиқада ўқилади

Валттери Боттас “Формула-1”нинг Mercedes жамоаси билан шартномасини узайтирди

“Формула-1” автопойгаларида иштирок этувчи Mercedes жамоаси финляндиялик пойгачиси Валттери Боттас билан янги шартнома имзоланганини эълон қилди. Шартнома 2021 йилги мавсум охиригача амал қилади.

Фото: Getty Images

Боттас 2017 йилда Mercedes аъзосига айланган. У бу жамоа пойгачиси сифатида 8 та пойгада ғалаба қозонган, 39 марта подиумга кўтарилган.

“Охирги йилларда мен мунтазам ривожланиб бордим. Ишончим комилки, ҳозирда энг юқори даражага эришдим, бирок мукаммалликнинг чегараси йўқ. Mercedes  ҳам шундай фалсафага эгалигидан хурсандман”, деб айтган Боттас.

Пойгачининг айтишича, у доимо чемпионлик учун курашган. “Бу йил ҳам чемпионатда ғолиблик учун курашмоқдаман. Кейинги мавсум ҳам ҳар бир пойгада бор маҳоратимни ишга солишда давом этаман”, деб айтган пойгачи. 

Боттас Mercedes’га ўтишдан олдин Williams жамоаси учун иштирок этган. У бу жамоа учун 2013 йилда дебют қилган. 

Жорий мавсумда пойгачи 58 очко билан 2-ўринни эгалламоқда. Чемпионатда 88 очко билан Боттаснинг жамоадоши, амалдаги чемпион Льюис Хэмилтон етакчилик қилмоқда. Хэмилтон ўз шартномасини кейинги мавсум учун ҳали узайтирмаган.

Мавзуга оид