Вазир ички ишлар ходимлари томонидан куч ишлатиш ҳолатлари бўйича изоҳ берди
Сенатнинг 6-ялпи мажлисида Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ўз фаолияти тўғрисида ахборот берди. Вазир ахборот давомида ички ишлар тизимида фуқароларга нисбатан куч ишлатувчи, ўз мансабини суиистеъмол қилувчи ходимлар масаласига тўхталиб ўтди.
«Жиноятларни фош этишда қийноқ усулини қўлловчи, эскича усулда иш олиб борувчи айрим нопок ходимлар тизимда учраб турибди. Чироқчи тумани ва Андижон шаҳрида ички ишлар органлари ходимлари томонидан қийноқ усулини қўллаш ва ўлим ҳолатларига сабабчи бўлиш кузатилди. Бу халқнинг кенг муҳокамасига, тизимга нисбатан салбий фикр шаклланишига сабаб бўлди. Илгари бундай ҳолатлар оммавий ахборот воситаларида ёритилмасди, аҳолига айтилмасди. Ҳозирги очиқлик сиёсати натижасида тизимдаги бу камчиликлар ошкор бўлмоқда.
Бундай усулда иш олиб борувчи ходимларни аниқлаб, тизимдан бўшатяпмиз. Хусусан, жорий йилнинг дастлабки 6 ойида вазирликнинг хавфсизлик инспекцияси ходимлари ташаббуси билан фуқароларни ноқонуний тарзда ушлаб, зўравонлик қилиш билан боғлиқ 5та ҳолат аниқланиб, қонуний чора кўриш учун прокуратурага керакли материаллар юборилди. 822 нафар ходимнинг хатти-ҳаракатлари кўриб чиқилиб, улардан 173 нафари тизимдан бўшатилди, 114 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди, 65 нафар раҳбар ротация қилиниб, бошқа лавозимга ўтказилди», деди у.
Пўлат Бобожонов ички ишлар тизимини ҳуқуқбузар ходимлардан тозалаш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берди.
«Тизимда хизмат қилаётган ички ишлар бўлим бошлиқларининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосарлари – 3500 нафар ходим аттестациядан ўтказилиши натижасида улардан 35 нафари вазифасидан озод этилди, 104 нафарига синов муддати берилди. Халқ билан бевосита ишловчи ходимлар – йўл патрул хизмати, патрул-пост хизмати, «паспорт стол» тизимларида ишлаётган ходимлар ҳам аттестациядан ўтказилди. Улардан 178 нафари лавозимидан бўшатилди, 1074 нафарига синов муддати берилди.
Андижон воқеасидан тўғри хулоса қилган ҳолда, ички ишлар органларига олиб келинганлар билан суҳбат фақатгина битта белгиланган хонада ўтказилиши, видеотасвирга ёзиб олиниши белгиланди. Тергов бўлимларида ҳам тергов жараёни фақатгина белгиланган хонада бўлиши шартлиги мустаҳкамлаб қўйилди. Бу бўйича жойлардаги биринчи раҳбар ва тергов бўлими бошлиғи масъул этиб қўйилди», дея вазирнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
14:55 / 22.12.2024
Жисмоний шахсларга ёввойи ҳайвонларни сақлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
17:20 / 18.12.2024
Келгуси йилда таълим ва фан соҳасига 86,3 трлн сўм йўналтирилади — Танзила Норбоева
14:50 / 18.12.2024
Сенат 2025 йилга мўлжалланган давлат бюджетини маъқуллади
21:56 / 26.11.2024