Ўзбекистон | 16:03 / 12.08.2020
5167
3 дақиқада ўқилади

Божхоначилар товар коди ўзгартирилиши натижасида 674 млн сўм маблағ ундирилмай қолишининг олдини олишди

Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати сўнгги кунларда божхоначилар томонидан фош этилган қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида маълумот берди.

Хабар қилинишича, Ўзбекистондаги «R.Т. 2020» номли ҳамда «S.M.T» номли масъулияти чекланган жамиятлар номига хориждан келтирилган матолар белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганида, ушбу товарлар ҳужжатларда кўрсатилган таснифдаги эмас, аксинча бутунлай бошқа турдаги мато экани аниқланган.

«Шунга кўра, мазкур товарлар «Эркин муомалага чиқариш» божхона режимига расмийлаштирилганда 674 млн сўм (товарнинг келиб чиқиш сертификати тақдим этилганда эса 316.8 млн сўм) божхона тўловлари ундирилиши маълум бўлди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати

Мазкур ҳолатлар юзасидан ҳар иккала МЧЖ вакилларига тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилди», – дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Машина ойнасидан улоқтирилган ўрамда салкам 751 грамм гашиш борлиги аниқланди

Шунингдек, божхоначилар наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига доир навбатдаги қонунбузарлик ҳолатини фош қилишди.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда Бекобод туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Н.С. бошқарувидаги ВАЗ-2106 русумли автоулов кузатувга олинади.

Кузатув давомида мазкур автотранспорт воситаси тўхтайди ва машинанинг олд ўриндиғида ўтирган фуқаро К.Р. машинадан тушиб, йўл четида ётган қора рангдаги полиэтиллен ўрамни олади ҳамда машинада ҳаракатланишда давом этади.

Шундан сўнг божхона ходимлари томонидан кузатувга олинганини сезиб қолган ушбу шахс зудлик билан қўлидаги ўрамни машина ойнасидан ташқарига улоқтиради.

«Тезкор тадбир давомида ушбу шахс қўлга олинди ва улоқтирилган ўрам воқеа жойидан топилди. Ўрам холислар иштирокида очиб кўрилганида эса ундаги модда экспертларнинг хулосасига биноан, соф вазни 750,95 грамм бўлган «гашиш» гиёҳвандлик воситаси экани аниқланди ва ашёвий далил сифатида олиб қўйилди», – дейилади хабарда.

Фото: Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати

Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид