Жамият | 18:43 / 14.08.2020
11736
3 дақиқада ўқилади

Фуқароларни «темир дафтар»дан чиқариш тартиби маълум қилинди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири бошқарма бошлиғи Аҳрор Ғуломов «темир дафтар»га киритилган фуқаролар қачон ва қай тартибда бу рўйхатдан чиқарилиши мумкинлиги ҳақида маълумот берди.

Унга кўра, фуқаро «темир дафтар»дан чиқарилиши учун иш билан таъминланиши ёки ўз-ўзини иш билан банд қилишига эришилган бўлиши керак.

«Темир дафтар»ни юритиш бўйича вақтинча белгиланган тартибга кўра, фуқаронинг бу рўйхатда бўлиш муддатига аниқ чегара мавжуд эмас. Ёрдамга муҳтож бўлган фуқаролар аниқланиб, «темир дафтар»га киритилгач, улар билан индивидуал ишлаш йўлга қўйилади. Меҳнатга лаёқатли бўлган фуқаролар ишга жойлаштирилиб бандлиги таъминланади ёки ўз-ўзини банд қилиш орқали уларнинг даромадини оширишга эришилади. Шундан сўнг фуқаронинг аризаси ва ишчи гуруҳнинг тавсияси асосида бу фуқарони рўйхатдан чиқариш халқ депутатлари туман/шаҳар кенгаши қарори асосида ҳал қилинади.

Рўйхатда бўлган даврида фуқарога озиқ-овқат, дори-дармон, зарур бўлганда нақд пул шаклида ёрдам кўрсатиб борилади», деди Аҳрор Ғуломов АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида.

Вазирлик вакили фуқаролар «темир дафтар»га қайси мезонлар асосида киритилишини эслатиб ўтди.

«Оиласида меҳнатга лаёқатсиз ногиронлар ва сурункали касалликка чалинганлар бўлганлар, якка-ёлғиз кексалар, бевалар ва ўзгалар қарамоғига муҳтожлар, 5 ва ундан ортиқ фарзанди бор оилалар, карантин чоралари натижасида даромад манбаини йўқотганлар, ҳақиқатда эҳтиёжмандлар, ночор ва моддий кўмакка муҳтожлар «темир дафтар»га киритилиши кўзда тутилган.

Агар фуқаро юқорида санаб ўтилган мезонларга тўғри келса, лекин «темир дафтар»га киритилмаган бўлса, ўзи истиқомат қилиб турган маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилиши керак бўлади. Фуқаронинг ҳолати баҳоланади ва унинг даромадини ошириш бўйича керакли чоралар кўрилади», дея бошқарма бошлиғининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазирлик вакили Дилором Қўзиеванинг таъкидлашича, «темир дафтар»га кириш фуқаронинг ҳаракатсизлигига сабаб бўлмаслиги керак.

«Темир дафтар»га кирсам, давлат менга пул бераркан деган фикр билан яшаш эмас, балки ўз даромадига эга бўлиш, иқтисодий имкониятларини яхшилашга ҳаракат қилиш керак. «Темир дафтар» ҳам аслида шуни – уларнинг ўзига бўлган ишончини ошириш, ўз даромадига эга бўлишга кўмаклашишни назарда тутади», деди у.

Эслатиб ўтамиз, «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармонига мувофиқ, 400 мингдан ортиқ оилаларга мансуб 1,7 миллион нафардан зиёд фуқаро «темир дафтар»га киритилиб, оилаларнинг ҳар бир аъзосига 220 минг сўмдан моддий ёрдам пуллари тарқатилиши белгиланган. Мазкур мақсад учун давлат бюджетидан жами 380 млрд сўм ажратилган бўлиб, маблағлар 15 августга қадар ўз эгаларига етказилиши белгиланган.

Мавзуга оид