Жаҳон | 11:52 / 15.08.2020
9854
2 дақиқада ўқилади

Беларусдаги намойишларнинг олтинчи куни тинч ўтди

Беларусь пойтахти Минск ва бошқа шаҳарлардаги жума кунги намойишлар ниҳоясига етди ва одамлар уйига тарқалди.

Фото: EPA/Vostok-photo

Интерфакс хабарига кўра, намойишларда милиция ва ҳарбийлар томонидан одамларга нисбатан куч ишлатилмади, ҳеч ким ҳибсга олинмади.

Жума куни тиббиёт ходимлари шифохоналар олдида «бирдамлик занжири»ни ҳосил қилиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг куч ишлатишига қарши намойиш ўтказдилар. Белгосфилармония олдига мусиқачилар ва ўқитувчилар тўпланишди. Шунингдек, аёллар колонна бўлиб, «Независимость» хиёбони бўйлаб юришди. Уларга кўплаб янги намойишчилар қўшилишди.

Минск шаҳридаги барча такси хизмати ҳайдовчилари намойишчиларни қўллаб-қувватлашди. 

Бундан ташқари, Беларуснинг бир неча саноат корхоналари ишчилари оммавий чиқишлар қилишди. Улар орасида Беларуськалий, Минск трактор заводи (МТЗ), Минск автомобиль заводи (МАЗ), Минск ғилдиракли тракторлар заводи, Нафтан, «Гродно Азот», Минск метрополитени, Юқори технологиялар парки ва бошқалар бор. 

Ишчилар президентлик сайловини қайтадан ўтказишни, овозларнинг ошкора саналишини, намойишларда қўлга олинганларнинг қўйиб юборилишини, кучишлатар ходимларнинг зўравонлигига барҳам берилишини талаб қилишди.

Бундан ташқари, Брест, Гродно ва бошқа шаҳарларда намойишчилар мэр билан учрашишди. 

Иш куни якунида МТЗ ишчилари ва намойишчилар Ҳукумат уйи олдида тўпланишди. Уларнинг сони 2,5 – 5 мингни ташкил қилгани айтилди. Акция тинч ўтди, милиция унга қаршилик кўрсатмади, куч ишлатмади. 

Бир вақтнинг ўзида пойтахтнинг бир неча районларида кичик намойишлар бўлиб ўтди.

Беларусда 9 августдан бери норозилик намойишлари давом этмоқда. Фуқаролар президент сайловининг расмий натижаларига қарши чиқишмоқда. Аввалги кунларда намойишчилар ва кучишлатар идоралари ходимлари ўртасида тўқнашувлар юзага келган, кўплаб намойишчилар ҳибсга олинган эди.

Мавзуга оид