Жаҳон | 20:40 / 19.11.2020
7130
1 дақиқада ўқилади

Беларусда Nexta Telegram-канали муаллифлари террорчилар рўйхатига киритилди 

Беларус расмий идоралари мамлакатдаги норозилик намойишларини ёритаётган Nexta Telegram-канали муаллифи Степан Путило ва собиқ бош муҳаррири Роман Протасевични террорчилар рўйхатига киритди. Уларнинг исмлари Беларус Давлат хавфсизлик қўмитаси сайтининг “Аксилтеррорчилик фаолияти” бўлимида пайдо бўлган. 

Фото: babel.ua

Таъкидланишича, КГБ рўйхатига киритилган 726 кишидан фақат Путило ва Протасевич Беларус фуқаролари ҳисобланади. Рўйхатда қайд қилинган қолган кишилар Сурия, Ироқ, Афғонистон фуқароларидир. 

Nexta муаллифлари Беларус Жиноят кодексининг “Оммавий тартибсизликлар” моддаси бўйича айбланмоқда.

Аввалроқ Путило ва Протасевич халқаро кидирувга берилганди. Таъкидланишича, ҳозирда улар Польшада қолмоқдалар. Беларус ҳукумати қўшни давлатни уларни топширишга чақирмоқда.

Беларус тергов қўмитаси Nexta муаллифларига нисбатан жиноий иш қўзғатган. Улар оммавий тартибсизликларни уюштириш ҳамда ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот вакилларига нисбатан “ижтимоий адоват қўзғатишга” қаратилган хатти-ҳаракатларни амалга оширишда айбланмоқда. 

Nexta Telegram-канали Беларусда президент сайловларидан кейин бошланган оммавий норозиликларни фаол ёритиб келади. Минск суди интернет-нашр материалларини экстремистик деб топган.

Мавзуга оид