Жаҳон | 22:50 / 06.09.2024
4835
2 дақиқада ўқилади

Полша Протасевични қўлга олиш учун самолётни Минскка йўналтирган беларуслик уч амалдорга айблов эълон қилди

2021 йилда бортида Nexta Telegram-канали собиқ бош муҳаррири бўлган Ryanair авиакомпаниясининг FR4978 рейси Беларус ҳаво маконини кесиб ўтаётганида йўналишни ўзгартириб, Минскка қўниш буюрилган эди.

Фото: AP

Полша прокуратураси беларуслик амалдорларни уч йил аввал мамлакатда рўйхатдан ўтган самолётни бошқа томонга йўналтириш учун ҳийла ишлатганликда ва диссидентни ҳибсга олмоқчи бўлган пайтда бортдаги 132 кишининг эркинлигини бузганликда айблади, деб хабар беради Associated Press.

Қайд этилишича, уч амалдор диссидент блогерни олиб кетаётган самолётга Минскка режадан ташқари қўнишни буюрган — бу эса ўша пайтда Литвада қувғинда яшаган беларуслик блогер Роман Протасевичнинг ҳибсга олинишига сабаб бўлган.

2021 йил 23 май куни Афинадан Вилнюсига учган Ryanair авиакомпаниясининг FR4978 рейси Беларус ҳаво маконини кесиб ўтаётганида унга йўналишни ўзгартириб, Минскка қўниш буюрилган.

Расмийлар кўрсатмасига биноан беларус диспетчерлари учувчиларга ҳаво кемасида портловчи модда борлигини билдирган. Беларус ҳарбийлари ҳавога «МиГ-29» қирувчи самолётини кўтариб, экипажни буйруқни бажаришга мажбурлаган.

Полша прокурорларининг баёнотида келтирилишича, уч нафар беларус амалдори Полшада бўлмагани боис уларга айблов эълон қила олмаган ва уларни текширишга ордер берган. Шунингдек, прокуратура уларнинг ҳибсга олиниши бўйича Европа ордерини олишга уринмоқда.

Полша махфийлик сиёсатига мувофиқ улар уч нафар эркакнинг фақат исми ва фамилияларининг бош ҳарфини эълон қилган: Леонид Ч. — Беларус аэронавиацияси собиқ бошлиғи, Евгений Т. — ўша вақтда Минск аэропорти авиадиспетчери ва Беларус Давлат хавфсизлиги қўмитаси бошлиғи.

Уларнинг учаласи ҳам самолётни бошқа томонга йўналтириш учун ёлғон бомба таҳдидидан фойдаланганликда ва бортдаги одамларнинг, шу жумладан, Полша фуқароларининг эркинлигини бузганликда айбланмоқда.

2023 йил май ойи бошида Минск суди Nexta Telegram-каналининг собиқ бош муҳаррири Роман Протасевич иши бўйича ҳукм чиқарганди. Протасевич бир қатор жиноятларда айбдор деб топилиб, 8 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Орадан кўп ўтмай Роман афв этилганди.

Мавзуга оид