Жаҳон | 10:15 / 22.04.2023
7775
2 дақиқада ўқилади

Беларусда Протасевичга 10 йиллик қамоқ жазоси сўралди

Беларусда прокурор Протасевичга ҳукм чиқараётганда унинг айбига иқрор бўлганини ва тергов билан келишув шартларини бажарганини ҳисобга олишни сўради.

Фото: AFP/Getty Images

Беларус прокуратураси Nexta Telegram-каналининг собиқ бош муҳаррири Роман Протасевичга 10 йил қамоқ жазоси сўради. Бу ҳақда 21 апрел, жума куни Россиянинг “Sputnik Беларус” агентлиги хабар берди.

Давлат айблови суддан Протасевич судгача бўлган келишув шартларини бажарганлигини ҳисобга олишни сўради ва шунинг учун бир қатор моддалар учун жазо сифатида у энг юқори муддатнинг ярмидан кўпига, бошқа қатор моддалар бўйича эса - учдан икки қисмидан кўп бўлмаган муддатга ҳукм қилиниши мумкин эмас. Иш бўйича яна икки айбланувчи – Nexta асосчиси Степан Путило ва Telegram-канал собиқ муҳаррири Ян Рудик хорижда ва улар сиртдан суд қилинмоқда. Давлат айблови уларга мос равишда 20 ва 19 йил сўради.

Nexta бўйича суд жараёни 2023 йил феврал ойида бошланган. "Белта" давлат агентлигининг хабар беришича, судланувчилар 1500 дан ортиқ жиноятларни содир этганликда, жумладан оммавий тартибсизликларни уюштириш, Беларусга қарши санкциялар қўллашга чақириш, экстремистик тузилмани яратиш ёки унга раҳбарлик қилиш, шунингдек, ҳокимиятни эгаллашга уринганликда айбланмоқда. Путилога 13 та, Рудикка 12 та, Протасевичга эса 11 та жиноий модда бўйича айблов қўйилган.

Протасевич 2021 йил 23 май куни Минскда қўлга олинган, ўшанда беларуслик диспетчерлар у Афинадан Вилнюсга учган Ryanair самолётини “мина” хабари туфайли аэропортга фавқулодда қўнишга мажбур қилган. Кейинроқ Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) томонидан олиб борилган тергов натижаларига кўра, бомба ҳақидаги хабар ёлғон экани ва у Беларус ҳукуматининг юқори мартабали амалдорлари кўрсатмаси билан экипажга етказилгани аниқланган.

Мавзуга оид