Жаҳон | 19:10 / 16.08.2020
53848
3 дақиқада ўқилади

Беларусь. Минскда Лукашенко тарафдорлари иштирокида митинг ва унга қарши «Озодлик марши»

Якшанба куни ҳам Беларуснинг кўплаб шаҳарларида Лукашенконинг истеъфоси ва намойишчиларга қарши куч ишлатганларни жавобгарликка тортиш талаби билан намойишлар бошланди. Ундан олдинроқ Минскда Александр Лукашенкони қўллаб-қувватловчилар томонидан митинг уюштирилди

Фото: EPA/Vostock-photo

16 август куни Минск шаҳри марказида, Мустақиллик майдонидаги Ҳукумат уйи қаршисида Беларусь президенти Александр Лукашенкони қўллаб-қувватловчилар иштирокида митинг бошланди.

Ундан аввалроқ ОАВда ушбу митингга давлат хизматчилари, заводлар ишчилари ва ҳарбийлар автобуслар орқали олиб келинаётгани суратлари тарқалганди.

15 август куни Лукашенконинг тарафдорлари иштирокида митинг ўтказилиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Tut.by нашрининг ёзишича, унда иштирок этиш учун Беларуснинг турли ҳудудларидан давлат хизматчилари мажбуран жалб этилган. Келишдан бош тортганларга ишдан бўшатиш ёки ётоқхонадаги жойидан ҳайдаш билан таҳдид қилинган. Нашрнинг қайд этишича, қонун бўйича дам олиш кунлари ходимларни митингларда иштирок этиш ёки маълум бир сиёсатчини қўллаб-қувватлашга мажбур қилиш мумкин эмас.

ОАВ маълумотига кўра, митингга бир неча ўн минг атрофида киши тўпланган. Уларнинг бир қисми Минскка поездлар ва автобуслар орқали регионлардан олиб келинган. Шунингдек, майдонга қишлоқ хўжалиги техникалари ва ҳарбий техникалар жойлаштирилган.

РИА Новости агентлиги маълумотига кўра, майдонга дастлаб бош вазир Роман Головченко, Сенат спикери Наталья Кочанова ва президент администрацияси раҳбари Игорь Сергеенко келган. Кўп ўтмай президент кортежи ҳам майдонга кириб келган ва Александр Лукашенко йиғилганлар қаршисида нутқ сўзлаган.

Президент нутқи аввалида йиғилганлар сони 50 мингга яқинлигини айтди. Ички ишлар вазирлиги эса 65 минг, БЕЛТА расмий давлат агентлиги 70 минг рақамини келтирди.

Митинг вақтида олинган суратларда эса иштирокчиларнинг ҳақиқий сонини чамалаш мумкин:

Tatyana Zenkovich / EPA / Vostock Photo

Лукашенко митингда маҳаллий вақт билан соат 14:00да чиқиш қилди ва 90-йиллардаги очликни ва ўзининг жиноятчиларга қарши курашини эслади.

У янги сайловлар ўтказилиши эҳтимолини йўқ деб баҳолади ва 80 фоиз овозни сохталаштириш имконсизлигини айтиб, янги сайловларни айнан Ғарбдаги кучлар истаётганини қўшимча қилди.

Валерий Шарифулин / ТАСС / Scanpix / LETA

«Кимдир янги сайловларни истамоқда. Дераза ортига қаранг! НАТО ҳарбийлари чегараларимиз яқинида тўпларини жойлаштирган. Литва, Латвия, Польша, Украина биз янги сайловлар ўтказишимиз кераклигини айтмоқда. Агар уларга имкон қолдирсак, биз шўнғий бошлаймиз ва ҳеч қачон кемамиздаги вазиятни ўнглай олмаймиз», - деди Лукашенко «Батька - молодец!» ҳайқириқлари остида

У намойишчиларни «бегоналар томонидан бошқариладиган» каламушларга қиёслаган.

Ушбу митингдан кейин Минск марказида Лукашенкога қарши йирик «Озодлик марши» бошланди.

Минскдаги «Минск — город герой» ёдгорлиги атрофида 100 мингга яқин киши йиғилди.

Лукашенкога қарши оммавий намойишлар мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам ўтказилмоқда.

 

Мавзуга оид