Ўзбекистон | 18:21 / 17.08.2020
5715
3 дақиқада ўқилади

«Ёшлар парламенти шунчаки оддий тузилма эмас» – Нурдинжон Исмоилов

Спикер Нурдинжон Исмоилов 17 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ёшлар парламенти аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда ушбу тузилмадан нималар кутилаётгани ҳақида гапирган.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

«Ёшлар парламенти шунчаки оддий тузилма эмас, балки ёшларимизнинг сиёсий фаоллигини таъминлашга хизмат қиладиган ҳақиқий майдондир. Ўзбекистонда ёшлар парламенти шакллантирилиши мамлакатимиз президенти томонидан ёшларга оид сиёсат масалаларига кўрсатилаётган эътиборнинг натижаси бўлиб, давлат бошқаруви тизимида қарорлар қабул қилишнинг барча жараёнларига ёшларни жалб этишдан Ўзбекистон манфаатдор эканлигининг ёрқин далилидир.

Биз Ёшлар парламенти ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини бойитиш, қонун ижодкорлиги жараёнига ёшларни жалб қилиш, қабул қилинган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилишда, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда Олий Мажлисга ва давлат ҳокимиятининг бошқа органларига самарали ёрдам беради деб ишонамиз. Шу билан бирга Ёшлар парламенти фаолиятининг натижаларидан фойдаланиш масаласига ўта жиддий ва катта масъулият билан ёндашган ҳолда ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», дея Нурдинжон Исмоиловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Спикернинг таъкидлашича, шу йилнинг 12–13-август кунлари бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми «Ёшлар 2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари» мавзусидаги нуфузли халқаро анжуманда Ёшлар парламенти аъзоларининг муваффақиятли қатнашишган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган тадбирда ёшлар сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари билан ҳам учрашишган.

Эслатиб ўтамиз, Ёшлар парламенти ғояси 2017–2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси эълон қилинган эди. Бундан ёшларнинг қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштирокини янада кенгайтириш режалаштирилган.

11 май куни парламент қуйи палатасида ўтказилган ишчи гуруҳ йиғилишида Ёшлар парламенти аъзолари икки йил муддатга сайланиши, ҳар бир шаҳар ва тумандан бир нафардан вакил парламент аъзоси бўлиши кутилаётгани айтилганди.

Сенат ва Қонунчилик палатаси қошида алоҳида-алоҳида Ёшлар парламенти ташкил этилиши белгиланган бўлиб, Сенат ҳузурида ташкил этиладиган тузилма юридик шахс мақомига эга бўлмаган жамоатчилик асосида тузиладиган маслаҳат органи ҳисобланади. 30 июль куни Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламентининг видеоконференцалоқа тарзида биринчи мажлиси бўлиб ўтган, унда парламент раиси ва унинг ўринбосари сайлангани хабар берилган эди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентига сайлов бир ой давом этган, унга турли соҳаларда фаолият юритаётган 11 мингдан зиёд ёшлар орасидан 250 нафар аъзо сайланган.

Мавзуга оид