Ўзбекистон | 12:50 / 13.07.2022
3761
2 дақиқада ўқилади

Нурдинжон Исмоилов Эрон исломий кенгаш мажлиси раиси билан учрашди

2022 йил 13 июль куни Қонунчилик палатасида парламент қуйи палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов Эрон исломий кенгаш мажлиси раиси Муҳаммад Боқир Қолибоф бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Фото: parliament.gov

Учрашувда кейинги йилларда икки томонлама муносабатлар босқичма-босқич ривожланиб бораётгани, мамлакатлар ўртасида сиёсий ва иқтисодий соҳадаги мулоқотлар фаоллашгани ижобий баҳоланди.

— Давлатлар раҳбарлари ўтган йили сентябрь ойида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва ноябрь ойида Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитлари доирасида бўлиб ўтган олий даражадаги мулоқотларда икки мамлакатлар ўртасидаги амалий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Бу эса икки томонлама савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар янада ривожланишида муҳим омил бўлмоқда, — деди спикер Нурдинжон Исмоилов. 

Мазкур учрашувлар асносида илгари сурилган таклифлар амалий ижроси келажакда икки томонлама савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, транспорт-логистика, энергетика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик муносабатларни янада ривожланишига хизмат қилади.

Мулоқот чоғида меҳмонга мамлакат парламенти, хусусан, Қонунчилик палатаси қонунчилик фаолияти, норма ижодкорлиги, қўмита ва фракциялари иш услублари ҳамда парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида сўзлаб берилди.

М. Қолибоф конструктив ва амалий руҳдаги мулоқотларни изчил давом эттириш, икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил бўлган парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шу йўналишдаги мулоқотларни кўпайтириш ҳар томонлама фойдали эканини қайд этди.

Учрашув чоғида Ўзбекистон-Эрон ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, уни янги мазмун билан бойитиш, норма ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги амалий ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашда парламентлар ролини кучайтиришга келишиб олди.

Мавзуга оид