Трампнинг куёви араб давлатларини Исроил билан муносабатларни яхшилашга кўндирмоқчи
АҚШ давлат котиби Майкл Помпео келаётган ҳафта бошида БАА ва Исроилда бўлиб, тинчлик келишуви ҳамда Эрон ва Хитой билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилади.
АҚШ президенти Дональд Трампнинг куёви ва катта маслаҳатчиси Жаред Кушнер сентябрда араб мамлакатларини Исроил билан муносабатларни яхшилашга кўндириш мақсадида Яқин Шарқ бўйлаб сафарга чиқади. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб Axios портали хабар берди.
Унга сафар давомида президент маслаҳатчиси ва АҚШ маъмуриятининг халқаро музокаралардаги махсус вакили Ави Берковитц ҳамроҳлик қилади. Улар Исроил, Баҳрайн, Уммон ва Саудия Арабистонида бўлиб, бу мамлакатларнинг БАА ва Исроил ўртасидаги муносабатларни яхшилаш тўғрисидаги шартномага қўшилиши бўйича келишув олиб боришади.
Кушнер ва Берковитцга АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Роберт О'Брайен ва Американинг Эрон бўйича махсус вакили Брайан Хук ҳам қўшилиши мумкин.
Reuters агентлигининг маълумот беришича, АҚШ давлат котиби Майкл Помпео келаётган ҳафта бошида БАА ва Исроилда бўлади ҳамда тинчлик келишуви, Эрон ва Хитой билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилади.
Аввалроқ Трамп Саудия Арабистони БАА ва Исроил ўртасидаги муносабатларни яхшилаш тўғрисидаги келишувга қўшилиши мумкинлигини айтганди.