Жамият | 18:12 / 26.08.2020
10344
2 дақиқада ўқилади

Маҳаллий хом ашёдан ДСП плиталари ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси масъуллигида маҳаллийлаштириш дастурига кўра импорт ўрнини босувчи қурилиш материаллари ишлаб чиқариш кўплаб истиқболли лойиҳалари амалга ошириляпти. Хусусан, йилдан-йилга талаб даражаси ортиб бораётган ёғоч-қириндили плиталар (ДСП) ҳамда уларнинг муқобил турларини тайёрлашни ташкил этиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Фото: Ўзсаноатқурилишматериаллари

2019-2022 йил инвестиция дастурига кўра Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида қамишдан ДСП ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Мўйноқ ЛДСП” МЧЖни ташкил этиш инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа қиймати 8 млн долларни ташкил этади. Корхона фойдаланишга топширилгач йилига 50 минг куб метр ДСП ишлаб чиқарилади. Энг муҳими пандемия шароитида 200 та доимий ва 1500 та мавсумий иш ўринлари яратилади. Корхонани жорий йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Ҳозирда қурилиш таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

 Сурхондарё вилоятида ҳам қамишдан ДСП ишлаб чиқариш бўйича йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Музробод туманида “Surxon KSP-Grand” МЧЖ томонидан йиллик қуввати 150 минг куб метр ДСП ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Лойиҳа қиймати 9,1 млн доллар бўлиб, бу ерда 200 та доимий ва 2000 га яқин мавсумий иш ўринлари яратилади. Ҳозирда бу ерда ускуналарни ўрнатиш ва қурилиш-монтаж ишлари давом этяпти.

 Маълумот учун, айни кунда жами йилига қуввати 120 минг куб метр ДСП ишлаб чиқаришга ихтисослашган 4 та корхона мавжуд. Булар:

- Термиз шаҳрида “Термиз Таъминот” МЧЖ (йиллик қуввати 

30 минг куб метр, қамишдан);

- Сирдарё туманида “Файз” МЧЖ ҚК (30 минг куб метр, ғўзапоя, қамиш, бошқа ёғоч қипиқларидан);

- Ўзбекистон туманида “Яйпан водий ламинати” МЧЖ 

(йиллик қуввати 10 минг куб метр, терак ва бошқа ёғоч қипиқларидан)

– Навоий вилоятида “Zhong Tian” ХК МЧЖ ( йиллик қуввати 30 минг куб метр, терак ва ғўзапоядан).

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси
Матбуот хизмати

Мавзуга оид